Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми манфаатли келишувларга бой бўлди

Пойтахтимизда 16 август куни Ўзбекистон – Тожикистон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакатнинг савдо, саноат, иқтисодиёт, банк-молия, туризм саноати, электр энергияси, қурилиш, кимё саноати, машинасозлик, металлургия, автомобилсозлик, электр техникаси, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик ва енгил саноат, фармацевтика каби соҳаларга ихтисослашган вазирлик, компания ва фирмаларининг 400 дан зиёд вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н.Отажонов, Тожикистон Республикаси Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш қўмитаси раиси Ф.Ҳамролизода ва бошқалар икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги мулоқотларида эришилган келишувлар натижасида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик янги поғонага кўтарилганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи икки томонлама алоқалар ривожида янги саҳифа очди. Унда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришилган эди. Шунга мувофиқ, ўтган қисқа вақт мобайнида икки мамлакат ишбилармон доира вакилларининг ўзаро мулоқотини ташкил қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга оширишларига кўмаклашиш мақсадида турли даражадаги бизнес-форумлар, саноат маҳсулотлари кўргазмаси, ярамаркалар ташкил этилди.

Таъкидлаш ўринли, бу каби учрашув ва мулоқотларни ташкил этишдан мақсад икки давлат тадбиркорлари ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш, мамлакатларимизнинг умумий транспорт-коммуникациявий, савдо-иқтисодий имконияти ва салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш орқали товар айланмаси ҳажмини сезиларли ошириш, қўшма лойиҳалар доирасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали учинчи мамлакат бозори томон йўл топишдан иборат.

Форум доирасида меҳмонларга мамлакатимизда ишлаб чиқаришни эркинлаштириш, фармацевтика саноатини янада ривожлантириш, эркин ва кичик саноат зоналари, уларда инвесторлар учун яратилган солиқ имтиёзлари ва бошқа қулайликлар ҳақида сўзлаб берилди. Тожикистон қурилиш, туризм, транспорт-логистика соҳаси вакиллари мамлакатимизнинг шу соҳадаги салоҳияти билан таништирилди. Шунингдек, икки мамлакат инвесторлари учун яратилаётган қулайликлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида муҳим маълумотлар берилди ҳамда мавжуд иқтисодий имкониятлар тақдимоти ўтказилди.

Бугунги кунда давлатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги янги суръатларда ривожланмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоиз ўсди. Ўзбекистондан Тожикистонга енгил автомобиллар, юк машиналари, қишлоқ хўжалиги техникалари, металлургия, электротехника, қурилиш моллари, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспорт қилинаётган бўлса, Тожикистон мамлакатимизга қурилиш материаллари, цемент, альюмин каби маҳсулотларни етказиб бермоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, савдо-иқтисодий, сармоявий соҳалардаги ҳамкорлик суръатларида сезиларли ўсиш қайд этилаётган бўлса-да, бу мавжуд имконияларга тўлиқ мос келмайди. Шу маънода, бугун давлатларимиз ўртасидаги савдо айланмасини 2020 йилгача 500 миллион АҚШ долларига етказиш белгиланган. Бунинг учун барча зарур имкониятлар мавжуд. Мамлакатларимизнинг жўғрофий жойлашуви, инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича ўзаро келишувлар, солиқ юкини енгиллаштиришдаги ҳамкорлик, умумий чегаралар, эркин савдо тартиби ва минтақа мамлакатларининг ягона транспорт-коммуникация, транзит-логистика имкониятлари шулар жумласидан.

– Президентларимизнинг азму шижоати туфайли бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилди, – деди «TAJinvest» ДУК бош директори Жавоҳирлал Музаффари. – Хусусан, савдо, инвестиция соҳаларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Бу бугунги кунда транзит-логистика йўналишларида шериклик муносабатларини назарда тутадиган дастурларни ишлаб чиқиш ва биргаликда амалга ошириш имконини беради. Қолаверса, халқларимизнинг тарихи бир, маданият, урф-одат ва анъаналардаги ўхшашлик туризм бўйича салоҳиятларимизни бирлаштириш имконини беради. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз мумкин. Бизнес-форум доирасида шу каби масалалар юзасидан фикр алмашдик ва келгуси режаларни белгилаб олдик.

Бизнес-форум давомида молиявий ҳамкорлик, транзит, электроника, фармацевтика, қандолатчилик маҳсулотлари экспорт-импортига оид умумий қиймати 103,3 миллион АҚШ долларлик шартномалар имзоланди.

Тадбир доирасида икки мамлакат тадбиркорларининг B2B форматдаги учрашуви ўтказилди. Музокара якуни бўйича қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда манфаатли шартномалар имзолашни назарда тутувчи фойдали келишувларга эришилди.

Тожикистон ишбилармон доира вакиллари шу куни пойтахтимиздаги «Artel», «Gold Dried Fruits Export», «Uztex Tashkent» каби бир қатор корхоналарда бўлиб, иш жараёни ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишди. Истиқболли ҳамкорлик ўрнатиш бўйича икки томонлама учрашувлар ўтказди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА