Солиқ соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси делегацияси Озарбайжон Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги Давлат солиқ хизматига ташриф буюрди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад Озарбайжоннинг солиқ маъмуриятчилиги ва солиққа тортиш соҳасидаги тажрибасини ўрганишдан иборат.
Ҳар икки томон мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янада юқори даражага кўтарилаётгани ва икки томонлама иқтисодий алоқалар чуқурлашиб бораётганини эътироф этди.
Учрашувда кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, “яширин иқтисодиёт” даражасини пасайтириш воситалари, солиқ қонунчилигини такомиллаштириш, солиқ маъмуриятчилигини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон томони Озарбайжон Республикаси қўшилган қиймат солиғи маъмурчилиги соҳасидаги тажрибасига алоҳида қизиқиш билдирди. Уч кунлик учрашувлар давомида Солиқ қўмитаси вакиллари ҚҚС депозит ҳисоб-рақамни юритиш механизми, ҚҚСни қайтариш тизими ва ушбу жиҳатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ўзгаришлар билан танишади.
Учрашув якунида бундай ишчи алоқалар ва тажриба алмашинуви ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳамда ҳар икки давлатда самарали солиқ бошқарувини йўлга қўйиш бўйича умумий ечимларни ишлаб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА