Бугун Фарғона вилоят ИИБ бу ҳақида расмий ахборот тарқатди. Унда қайд этилишича, жорий йилнинг 17 декабрь куни соат 13:45 ларда Фарғона шаҳар, Янгийўл маҳалласидаги “Petrolium” пропан газ қуйиш шохобчасида 5 м. куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлган.
Биз кеча маълум қилган ахборотда 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлгани, шу ҳудудда бўлган бир нечта фуқаролар турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик. Вилоят ИИБ расмий ахборотида айтилишича, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аҳоли ижтимоий тармоқларда автомобилларга метан ва пропан қуйиш шохобчаларини шаҳар четларига кўчириш меъёрий ҳужжатлар талаби қаторига киритилишини сўрамоқда. Бу масалани эса Вазирлар Маҳкамаси ёки мамлакат парламенти кўриб чиқиши тақозо этилади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА мухбири