Спорт вазирлигида “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вазир Адҳам Икромов, МОҚ Бош котиби Ойбек Қосимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Тошматов ва соҳа мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишда Адҳам Икромов жараёнларнинг умумий ҳолати билан танишди. Шерзод Тошматов янги Олимпия циклида терма жамоалардаги лицензияларга даъвогар спортчилар, уларнинг имкониятлари борасида маълумот берди. Йиғилиш давомида Ойбек Қосимов ҳудудларда олиб борилаётган ўрганиш ишлари хулосаси бўйича фикрларини билдирди.

Якунда иқтидорли спортчиларни селекция қилиш, терма жамоаларнинг моддий техник-базасини яхшилаш, спортчиларга доимий равишда маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш каби вазифалар, қолаверса, Ўзбекистон делегациясини “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига пухта тайёрлаш бўйича ишлаб чиқиладиган Президент қарори лойиҳаси учун муҳим йўналишлар белгилаб олинди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА