Қатарда ФИФА томонидан “The Best” совринини топшириш маросими ўтказилди.

Ушбу совриннинг номинация ғолиблари 2023 йилнинг 21 августидан 2024 йилнинг 10 августигача бўлган даврдаги ўйинлар натижалари инобатга олинган ҳолда миллий жамоа сардорлари, мураббийлар, мухлислар ва ОАВ вакилларининг овоз бериши орқали аниқланди.

ФИФА мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида “Реал” клуби ҳужумчиси, бразилиялик футболчи Винисиус Жуниорни эътироф этди. Ушбу номинацияга Жуд Беллингем, Дани Карвахал, Килиан Мбаппе, Федерико Вальверде (“Реал”), Эрлинг Ҳоланд, Родри (“Манчестер Сити”), Тони Кроос, Лионел Месси (“Интер Майами”), Флориан Виртц (“Байер”) ва Ламин Ямал (“Барселона”) каби футболчилар ҳам даъвогарлик қилган эди.

Ушбу даъвогарлар орасида Винисиус Жуниор 48 та овоз тўплаган ҳолда ғолиб бўлди.

Йилнинг энг яхши мураббийи номинациясида Мадриднинг “Реал” клуби устози Карло Анчелотти ғолиб бўлди. Ушбу йўналишда Пеп Гвардиола, Лионел Скалони, Луис де ла Фуэнте ва Хаби Алонсо каби салоҳиятли футбол мураббийларига ҳам овоз берилган эди.

Шунингдек, йилнинг энг яхши дарвозабони аргентиналик, “Астон Вилла” клуби посбони Эмилиано Мартинес бўлди. У икки йил олдин ҳам соврин лауреатига айланган эди. Йилнинг энг чиройли голи, яъни “Пушкаш” мукофоти — Алехандро Гарначога топширилди. “Манчестер Юнайтед”нинг аргентиналик ярим ҳимоячиси 2023 йил 26 ноябрь куни Премьер-лига доирасидаги “Эвертон” дарвозасига қайчи услубида киритган голи ФИФА томонидан йил голи деб топилди.

ФИФА йил якунига кўра дунё рамзий жамоасини тақдим этди: 

– дарвозабон: Эмилиано Мартинес («Астон Вилла»);

– ҳимоя: Вильям Салиба («Арсенал»), Рубен Диаш («Манчестер Сити»), Антонио Рюдигер («Реал»), Даниэль Карвахаль («Реал»);

– ярим ҳимоя: Тони Кроос («Реал»), Родри («Манчестер Сити»), Жуд Беллингем («Реал»);

– ҳужум: Винисиус Жуниор («Реал»), Эрлинг Ҳоланд («Манчестер Сити»), Ламин Ямал («Барселона»).

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА