Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, бугунги кунга қадар, хорижий тиллар бўйича халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражасидаги сертификат олган 36,7 минг ёшга 67,6 млрд. сўм имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилди.

Шунингдек, юртимизнинг олис ва чекка ҳудудларидаги ёшларга хорижий тилларни ўқитишга қаратилган “Имконият” лойиҳаси орқали 58 та ўқув марказига 2,9 млрд. сўм (ҳар бирига 50 млн. сўмдан) ссуда маблағлари ажратилиб, қўшимча 250 та янги иш ўрни яратилди.

Лойиҳаларни муваффақиятли тугатган 2 минг нафар ёшлар иш билан таъминланиб, энг ками билан 5 млн. сўм ойлик даромад топмоқда. Уларнинг 700 нафари халқаро имтиҳон тизимларидан C1 даражасидаги сертификатга эга бўлди.

ʼʼИбрат фарзандлариʼʼ лойиҳаси орқали 1,4 млн. ёшлар 23 та хорижий тилларни доимий равишда ўрганмоқда, шундан 105 мингга яқини белгиланган курсни муваффақиятли тамомлаб, B2 даражасидаги сертификатни қўлга киритди.

Биргина IELTS сертификати бўйича Британия кенгашининг жорий йил 10 декабрдаги маълумотига (илова қилинади) кўра, 5,5 ва ундан юқори балл олган ёшлар сони 2020 йилда 10 152 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда 52 706 нафарга етган. Яъни 4 йилда 5 баробарга ўсиш кузатилган.

Шунингдек, 7-8 балл (C1 даража)ни қўлга киритганлар сони 2020 йилда 1 807 нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йил ҳолатига 13 424 нафарни ташкил этмоқда. Ўз навбатида бу 7,4 баробарга ўсиш кузатилганини англатади.

Қолаверса, 8,5-9 балл (C2 даража)га эришганлар сони эса 2020 йилда 14 нафар бўлган, 2024 йил ҳолатига эса уларнинг сони 332 нафарга етган.

Ш.Маматуропова, ЎзА