Ҳар бир хонадондан ҳар куни турли хилдаги чиқиндилар чиқариб ташланади. Бу, албатта, кундалик ҳаётимиздаги табиий ҳолат. Йиғилган чиқинди эса санитар тозалаш соҳаси ходимлари томонидан тегишли чиқинди полигонларига олиб кетилади. Бу борадаги хизматлар учун эса аҳоли белгиланган миқдорда тўловларни ўз вақтида амалга ошириши лозим.
Афсуски, бугунги кунда фуқаролар томонидан турли хил асоссиз сабабларга кўра (хонадондан чиқинди чиқмаслиги, чиқиндилар ёқиб юборилиши ёки ерга кўмиб юборилиши ва ҳ.к) маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловларни тўлашдан бош тортиш ёки кечиктириш ҳолатлари учраб турибди. Натижада санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолининг дебитор қарздорлиги ошишига сабаб бўлмоқда.
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотларига кўра, 2019 йилда бу йўналишдаги қарздорлик 74 миллиард сўм бўлган бўлса, бугунга келиб 581 миллиард сўмга етган. 2017 йилда Президент ташаббуси билан соҳада 9 та йирик кластер ташкил қилинган эди. Аммо қарздорлик муаммолари ечилмагани оқибатида айрим ҳудудлардаги кластерлар кредит қарздорликлари ҳисобига банкрот бўлган ва бугунги кунда 9 та кластердан 3 тасигина фаолият олиб боряпти.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилган ҳужжат — чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлашга қаратилган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Мазкур лойиҳада кўзда тутилаётган нормалар ҳамда соҳадаги ишлар бўйича экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов маълумот берди:
— Мамлакатимизда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини ислоҳ қилиш доирасида ҳудудларни санитар тозалаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар сифатини ошириш, маиший чиқиндиларни тўплаш ва ҳудудлардан олиб чиқиш соҳасига тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизоми даражасини ошириш зарурияти юзага келмоқда.
Аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизоми даражасининг пастлиги хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиб, асосий фондларни янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритиш имкониятларини чекламоқда. Шунингдек, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга тўсиқ бўлмоқда.
Ушбу қонун билан айрим қонун ҳужжатларига чиқинди хизматлари учун ойлик тўловлардан қарздорлиги бўлган истеъмолчиларни қисқа хабар (SMS) орқали хабардор қилиб бориш, қарздорлик вужудга келгани тўғрисида огоҳлантирилгандан кейин тўловлар амалга оширилмаган тақдирда истеъмолчилар чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмагунига қадар уларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклашга қаратилган ҳуқуқий нормалар белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, — деди А.Абдуҳакимов.
Вазирнинг айтишича, чиқинди хизматлари соҳасида асосий манба тариф ва йиғимлар ҳисобланади. Айни пайтда ҳудудларда хизмат сифатини яхшилаш учун 1 триллион сўмлик техникалар олиниши, 250 миллиард сўмга чиқинди йиғиш майдонларини қуриш керак, 67 миллиард сўмга контейнерлар олиниши лозим. Бу вазифаларни амалга оширишда эса тўлов интизомини йўлга қўйиш муҳим.
Афсуски, сурункали тарзда 70 минг аҳоли тўловларни умуман тўламаяпти. Аввал 30-40 фоиз аҳоли тўламаган бўлса, уларга мунтазам СМС хабарлари жўнатиш орқали ҳозирда анча тартибли тўлов тизими яратиляпти. Демак, чиқиндидан қарздорлик учун электр энергиясидан узиб қўйиш тизими самара бераяпти.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан долзарб фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди, лойиҳанинг муҳимлиги қайд этилди, соҳага оид ва лойиҳа бўйича қатор саволлар ўртага ташланди. Депутатларнинг саволларига вазир ва вазирлик мутасаддилари батафсил жавоб қайтарди.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов интизоми мустаҳкамланиши ҳамда чиқиндиларни бошқариш соҳасида кўрсатилган хизматлар учун аҳолидан ҳосил бўлган дебитор қарздорликнинг камайишига эришилиши таъкидланди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА