Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Мамлакатимизда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат иштирокчилари учун қулай ва хавфсиз шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — деди депутат Гулшана Худоёрова. — Ушбу қонун лойиҳаси билан тротуарлар, пиёда ва велосипед йўлаклари ҳамда уларга туташ ҳудудларда барпо этилган яшил майдонларда автотранспорт воситаларини юргизишнинг (бундан махсус автотранспорт воситалари мустасно) олдини олишга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Шунингдек, аҳоли томонидан йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ноқонуний тўсиқларни ва бошқа қурилмаларни ўрнатиш ҳолатларига чек қўйиш учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўлларда ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг эркин ҳаракатланишига шароит яратишга хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалар давомида депутатлар айрим нормалар бўйича аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади ва мутасаддилардан жавоблар олди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА