Россия президентининг сўзларига кўра, рус қўшинлари бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳарбий ва стратегик салоҳиятга эга ва ҳеч нарсани жавобсиз қолдирмайди.

Мудофаа расмийлари билан йиллик учрашувда РФ етакчиси Украинадаги можаро кучайса, тузатиб бўлмайдиган воқеалар содир бўлишига ишора қилди.

– Қўшма Штатлар Киевдаги ҳукмрон тузумни қурол-яроғ ва пул билан таъминлаш, ёлланма аскар ва ҳарбий маслаҳатчилар юбориш орқали зиддиятнинг янада кучайишига туртки бермоқда, – деди Путин. – Улар бизни “қизил чизиқ”қа етакламоқда, биз эса орқага чекинмаймиз ва жавоб бера бошлаймиз.

РФ раҳбари шунингдек, Американинг ўрта ва қисқа масофали ракеталар билан боғлиқ ўзгаришларидан хавотирларини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, агар АҚШ чегарани кесиб ўтса, Москва ўз ихтиёри билан баъзи чекловларни бекор қилади.

Бундан ташқари,у жорий йилда 189 аҳоли пунктини эгаллаб олган рус кучларини олқишлади.

– Аскарларимизнинг профессионал маҳорати ва жасорати, мудофаа саноати ходимларининг ажойиб саъй-ҳаракатлари ҳамда халқимизнинг армия ва флотни чинакам қўллаб-қувватлаши туфайли қўшинларимиз бутун фронт чизиғи бўйлаб стратегик ташаббус кўрсатмоқда, – деди Владимир Путин.

Мусулмон Зиё, ЎзА