Чавандозлар “Миллий гвардия кубоги” учун беллашди (+видео)

316

Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Улоқ-кўпкари федерацияси ва Наманган вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятдаги “Отчопар“ майдонида мусобақа бўлиб ўтди.

Унда Чавандозлар мактаблари спортчилари жамоавий улоқ-кўпкари бўйича “Миллий гвардия кубоги“ учун беллашди.

Мазкур мусобақада Миллий гвардиянинг 14 та ҳудудий Чавандозлар мактаблари ўртасида ўтказилган улоқ-кўпкари мусобақасининг саралаш босқичларида ғолиб бўлган Сурхондарё, Бухоро, Тошкент, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси Чавандозлар мактаблари жамоалари иштирок этди.

Мусобақа муросасиз беллашувларга бой ўтди. Ғолиблик учун жамоалар астойдил ҳаракат қилди. Бироқ тажриба ўз сўзини айтди. Кучли жамоалар якунда ғолиб ва совриндор бўлди. Унга кўра учинчи ўрин Миллий гвардия Тошкент вилояти Чавандозлар мактаби жамоасига насиб этган бўлса, иккинчи ўринни Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси Чавандозлар мактаби жамоаси қўлга киритди. Фахрли биринчи ўринга Миллий гвардия Наманган вилояти Чавандозлар мактаби жамоаси сазовор бўлди.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан кубок, медал, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Н.Раҳмонова, ЎзА