Озарбайжон Республикаси Фан ва таълим ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари вакилларидан иборат делегация Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида жойлашган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Меҳрли мактаб”да бўлди.
Бундан кўзланган мақсад келгусида Ўзбекистон ҳамда Озарбайжон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, госпитал таълими бўйича мамлакатимиз фаолиятини Озарбайжон Республикасининг айни турдаги тиббиёт муассасаларида жорий этишдан иборат.
Ташриф давомида делегация аъзолари Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳамда Ўзбекистоннинг госпитал таълими бўйича, хусусан, марказда жойлашган “Меҳрли мактаб”да болаларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Делегация аъзоларига ҳамроҳлик қилган мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Сардор Ражабов мазкур госпитал мактабда узоқ муддат давомида даволанаётган ҳамда мактаб ёки боғчага бориш имкониятига эга бўлмаган болаларга берилаётган таълим ҳамда ушбу йўналишдаги мамлакатимиз тажрибаси билан хорижий делегацияни батафсил таништириб ўтди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА