Омбудсман мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари бўйича текширув ўтказиш ҳуқуқига эга

Яқинда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонунга кўра, мазкур тузилма фуқароларнинг, республика ҳудудида турган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, юридик шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган ташкилотларнинг ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ҳамда ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Омбудсман фуқаролар мурожаатларида кўтарилган муаммоларга тизимли ечим таклиф этиш ва ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдириш бўйича мониторинг ва таҳлил фаолиятини амалга оширади.
Қонун билан Омбудсманга қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланди.

Тошкент шаҳрида “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги вазифалари” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шу ҳақда гап борди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда сенатор ва депутатлар, давлат органлари, маҳаллий ҳокимият вакиллари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги янги қонунчилик механизмларига жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ўтказилган тадбирда Омбудсман девони ходимлари иштирокчиларга Омбудсманнинг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифлари ва бошқа фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, давлат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА