Бугун, 17 декабрь куни пойтахтимиз Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун жаҳон профессионаллар серияси (“World Seriyes Pro”) турнирининг финал баҳслари бўлиб ўтади. “Универсал спорт саройи»да ўтказиладиган ушбу нуфузли мусобақада дунёнинг энг кучли полвонлари 10 та вазнда – эркаклар -66, -73, -81, -90, -100, +100 килограммда, аёллар -52, -63, -78, +87 кило оғирликда ўзаро куч синашади.
Соврин жамғармаси 170 минг АҚШ долларидан иборат турнирда иштирок этадиган бир қатор давлатларнинг спорт делегациялари юртимизга етиб келди.
Кеча мазкур нуфузли мусобақа олдидан ўтказилган матбуот анжуманида спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Реза Носири, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Қодиров, Европа, Африка кураш конфедерацияларининг мутасаддилари журналистларнинг саволларига жавоб бериш жараёнида икки йилдан бери ўтказиб келинаётган турнирнинг аҳамияти, турнирда спортчиларнинг иштирок этиш тартиби ва бошқа масалалар хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, “World Seriyes Pro” турнирида Ўзбекистон, Жанубий Африка, Эрон, Тожикистон, Ҳиндистон, Россия, Молдова каби давлатларнинг етакчи курашчилари қатнашади.
– Халқаро кураш ассоциацияси тақвимидаги энг йирик бўлган мазкур турнирда курашчилар рейтинг очкоси асосида иштирок этади. Унга кўра, мамлакатимиз шарафини 12 нафар спортчи ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. Маҳоратли курашчиларимиздан Отабек Ҳасанов, Арслон Тожиев, Умар Бозоров, Эркин Қозоқов, Шермуҳаммад Жангриев, Жамшид Маматраҳимов, Муҳсин Ҳисомидинов, Муҳаммадкарим Хуррамов эркаклар ўртасидаги беллашувларда гиламга чиқса, қизларимиздан Ҳилола Ортиқбоева, Филура Эргашева Комила Қаҳҳорова, Юлдуз Муҳаммадиева сингари полвон қизларимиз ғолиблик учун кураш олиб боради, – дейди кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Ризамат Солиев.
Эслатиб ўтамиз, ҳар бир вазнда ғолибликка эришган спортчи 10 минг, 2-ўрин соҳиблари 5 минг ва 3-ўринни қўлга киритганлар 1 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА