Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинган қонун лойиҳаси бу йўналишдаги ишларнинг давоми сифатида тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган.

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари Икром Муслимов мазкур қонун лойиҳаси ҳақида батафсил маълумот берди ва депутатларнинг саволларига жавоб қайтарди:

— Суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмагани жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини кучайтириш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари лавозими жорий этиш ва улар томонидан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш назарда тутилмоқда. Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати берилмоқда.

Тергов судьяси томонидан суд назорати амалга оширилиши, судга қадар ишни кўриб чиқиш давомида ҳақиқий тортишув муҳитининг яратилиши тарафлар ўз ҳуқуқларидан самарали фойдаланишларига хизмат қилади.

Тергов ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш, мулкни хатлаш тўғрисидаги прокурор томонидан судга илтимоснома киритиш ваколатини прокурорлардан тергов судьяларига ўтказиш назарда тутилмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга ва жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида ҳам шахс суд ҳимояси остида бўлишини таъминлашга хизмат қилади, — деди маърузачи.

Муҳокамаларда қатор саволлар кўтарилди. Жумладан, депутатларнинг «тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш ваколатининг берилиши уларнинг фаолиятига қанчалик мос келади, улар учун иккинчи даражали иш бўлиб қолмайдими», деган саволига Олий суд раисининг биринчи ўринбосари қуйидагича жавоб берди:

— Бугунги кунда жиноят ишлари бўйича судьяларга иш юкламаси кўплиги сабабли маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриш иккинчи даражали бўлиб қоляпти. Шу боис, жиноят ишлари бўйича судьяларга жиноий ишларни кўриш, маъмурий ҳуқуқбузарликларни кўриш эса тергов судьялари ваколатига бериляпти. Тахминларга кўра, битта тергов судьясига 1 ойда 11 та санкция материали ва 200 га яқин маъмурий ишни кўриш тўғри келяпти.

Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА