Кунчиқар мамлакатнинг энергия сиёсати лойиҳасига кўра, 2040 йилга қадар қайта тикланадиган энергетика орқали ўз эҳтиёжларининг 50 фоизини, атом билан эса 20 фоизини қондирмоқчи, сабаби бу ўлка ўсиб бораётган қувватни таъминлаш билан бирга, тоза ёнилғи манбалари сари интилмоқда.
Суюлтирилган газнинг дунёдаги иккинчи йирик импортчиси ва Яқин Шарқ нефтининг асосий истеъмолчиси сифатида Япония ва унинг асосий энергия режалари глобал миқёсда нефть, газ ва кўмир ишлаб чиқарувчиларнинг эътиборини тортмоқда.
Саноат вазирлигининг лойиҳасида 2040 йилгача яшил энергия таъминотини 40% дан 50% гача ошириш таклиф қилинди, бу орқали 2023 йилдаги 22,9% улуш тахминан икки баробарга кўтарилиши ва 2030 йилга қадар 36% ва 38% дан юқори бўлиши кутилмоқда.
Янги режада аввалги “атом энергетикасига бўлган қарамликни иложи борича камайтириш” мақсад қилинган. Аввал, асосий эътибор карбонсизланишга қаратилган бўлса-да, ортиб бораётган геосиёсий хавфлар, жумладан, Россия-Украина низоси кўпроқ эътиборни энергия хавфсизлигига қаратди.
Ўтган ой саноат ва атроф-муҳит вазирликларининг қўшма йиғилишида 2035 йилга келиб иссиқхона газлари чиқиндисини 60 фоизга ва 2040 йилга келиб 73 фоизга қисқартиришни, 2050 йилга келиб эса нолга туширувчи стратегия лойиҳаси эълон қилинди. Унинг якуний намунаси келаси йил февраль ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотига тақдим этилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА