Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Судларнинг фаолиятига оид конституциявий кафолатлар кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

— Мазкур қонун лойиҳаси билан “Судлар тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг нормалари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда, — деди депутат Даврон Арипов. — Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунга Судьялар олий кенгаши таркиби, хусусан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Олий Мажлис Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, шахсларнинг нафақат давлат органлари, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Айбсизлик презумпцияси ва “Ҳабеас корпус” институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар акс этмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилади, — деди депутат.

Шунингдек, маърузачи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида депутатлар томонидан берилган таклифларнинг лойиҳада қай даражада акс этгани бўйича ҳам маълумот бериб ўтди.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, Судьялар олий кенгаши раиси, раис ўринбосари ва аъзолари сайланиши суд ислоҳотларидаги муҳим қадам бўлди, бу тажриба қонунийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА