Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Президентимиз раҳбарлигида муҳим соҳа ва тармоқларни тараққий эттириш истиқболлари юзасидан ўтказилган бир қатор тадбирлар хусусида тўхталиб, белгиланган вазифалар ижроси назоратида депутатлар олдида муҳим вазифалар турганини қайд этди:
— Жорий йилнинг 13 декабрь куни мамлакатимиз Президенти раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар чуқур таҳлил қилинди, келгусида амалга ошириладиган аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришга доир янги ташаббусларни илгари сурди. Ушбу ташаббуслар аҳолининг заиф қатламлари ҳимоясини янада кучайтириш, ногиронларга мос инфратузилма яратиш, уларни иш билан таъминлаш ва таълим олиши учун имкониятларни кенгайтиришга қаратилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Жумладан, келаси йил 1 миллион 200 минг нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш учун таълим, тўгарак, касб-ҳунар, тиббиёт масалалари ҳал қилинади ва яшаш шароити яхшиланади. Камбағаллик юқори мингта маҳаллада яна биттадан оилавий боғча фаолияти йўлга қўйилади. Янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилиши белгиланди. Камбағал оила фарзандларининг ўқиши учун қўшимча имкониятлар яратилади, хусусан, 118 минг ёшларни чет тили, ахборот технологиялари ва касб-ҳунарга ўқитилиши кўзда тутилмоқда.
Умуман айтганда, ижтимоий ҳимоя тизими борасидаги вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ижтимоий ҳимоя тизимининг аниқ ва самарали ишлашига, кўмакка муҳтож аҳолининг турмуш даражасини оширишга ҳамда жамиятда ижтимоий адолат ва тенглик қарор топишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Куни кеча мамлакатимиз Президенти раислигида яна бир муҳим масала – банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Айтиш керакки, маҳаллалар, қишлоқлар, аҳоли хонадонларида тадбиркорликни ривожлантиришга банклар томонидан кўрсатилаётган кўмак натижасида кўплаб аҳоли ишли, даромадли бўлмоқда. Масалан, биргина Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги 3 минг 200 та хонадонда лойиҳалар ишга туширилган, 12 минг одам ўз томорқасида даромад топишни ўрганган.
Банклар бу борадаги ижобий тажрибаларни кенгайтириб, халққа мадад бўлиши зарурлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари 2025 йил бандликни таъминлаш ҳамда камбағалликни камайтиришда энг муҳим ва ҳал қилувчи йил бўлишини алоҳида қайд этди.
Йиғилишда бу борадаги янги имкониятлар ва режалар атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, банклар, оилавий тадбиркорлик дастури доирасида кредит олиб, даромадли бизнесга эга бўлган мижозларини қўллаб-қувватлаб, кичик ва ўрта бизнес даражасига олиб чиқиш, ҳам инвестиция олиб келадиган, ҳам кўп иш ўрни яратадиган стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган яна бир муҳим масала – кредит қарзи ҳисобидан гаровни суд орқали ундиришга кўп вақт кетаётгани бўлди. Бу борадаги қонунчиликни ўзгартириш, унда гаровга нисбатан банк ҳуқуқлари устуворлигини ҳамда ундирувга қаратилган мулклар тезроқ сотилишини назарда тутиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Айтиш керакки, Президентимиз томонидан илгари сурган ташаббуслар ҳамда белгилаб берилган вазифалар ўз вақтида амалга оширилиши парламент аъзолари зиммасига ҳам ўзига хос масъулият юклайди. Аввало, бу борадаги ишларни самарали ташкил этишни кўзда тутувчи тадбирларни келгуси йилги иш режаларимизга киритишимиз керак бўлади. Депутатларимиз йиғилишларда белгиланган вазифаларнинг жойларда бажарилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини амалга оширишлари зарур, — деди Спикер.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА