Шу кунлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентинининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарори асосида  2018 йилнинг манзилли дастурига киритилган фуқароларга Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан маънавий ва моддий томондан ёрдам кўрсатиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Ушбу тадбирларда ҳудудий ҳокимликлар вакиллари, жойлардаги тиббий бирлашмалар, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгашлари ходимлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари иштирок этмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Кегайли туманида ҳам бўлиб ўтди. Тумандаги «Қусханатаў» МФЙда яшайдиган, кам таъминланган оилалар рўйхатида турадиган А.Жақсымуратов билан А.Дуримованинг  2001 йили туғилган фарзанди Азизбек Дуримовга 37 та номдаги умумий баҳоси 4 миллион сўмлик дори-дармон ва тиббиёт буюмлари топширилди.

– Фарзандим Азизбек туғилганидан буён урологик касаллик туфайли доимий равишда даволаниб келмоқда. Шу вақтгача унга олти маротаба операция қилинди. Шифокорлар энди уни операция қилишга бўлмайди, деб эслатди. Фақат дори-дармонлар ёрдамида доимий равишда даволаниб турса яхши бўлади деди.

Ҳукуматимизга, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарларига мингда-бир раҳмат. Болам учун икки йилга етадиган дори-дармон берди,-дейди онаси Азима Дуримова.

Хайрия тадбирлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан ҳар бир тумандан 6 одамга 4 миллион сўмлик, жами 384 миллион сўмлик дори-дармон берилиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.