Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 7 декабрида “Туризм соҳасини рақамлаштириш ва туристик хизматларни ягона платформага бирлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Миллий туризм ягона платформаси синов тариқасида, 2025 йил 1 декабрдан эса тўлиқ ишга туширилади.

Ушбу платформа қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради. Сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш, республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурсия етакчилари хизматларидан фойдаланиш, йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш имконини беради.

Автобус, авиа ва темирйўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш, халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш, туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини беради.

Платформа маълумотларининг 14 та хорижий тилга таржимаси таъминлаб борилади. Транспорт вазирлиги билан биргаликда “Узтранс” ягона интерактив ахборот тизими, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари”, «Uzbekistan Airways» ва бошқа йўловчи ташиш лицензиясига эга ташкилотларнинг электрон чипталарини харид қилиш тизимлари интеграция қилинади.

Ш.Маматуропова,

ЎзА