Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал-Иттиҳод” нашри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни янги энергетика қувватларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларини қуришга бағишланган тантанали маросимда иштирок этганини ёритди.

Мақолада давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга бўлган ташрифларида кўплаб лойиҳаларга асос солинаётгани, шунингдек, умумий қиймати 7 миллиард доллардан зиёд 24 та лойиҳа тайёрлангани, хусусан, Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида қарийб 2,3 минг мегаватт қувватга эга 5 та қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда 5 та юқори кучланишли подстанция қуриб битказилгани қайд этилган.

Эътиборли жиҳати, илк бор Андижон ва Фарғонада 300 мегаваттли энергия сақлаш тизими фаолияти, Қашқадарёда 400 мегаваттли электр станцияси, Тошкент шаҳрида замонавий когенерация қурилмаси, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 4 та кичик ГЭС шай ҳолатга келтирилгани мақолада алоҳида эътироф этилган.

Муаллиф Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 2,5 минг мегаваттли 6 та электр иншооти қурилиш арафасида экани, ушбу янги лойиҳалар орқали келгуси йилларда қўшимча 9,5 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллиард куб метр табиий газ тежалиши, 4,6 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинишига эътибор қаратган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА