Ибрат
Аниқ эслайман. Қишнинг изғиринли кунлари эди. Бешинчи синфда таҳсил олардим. Бир кун мактабдан қайтаётиб, кўзим беихтиёр йўл четида ётган қоғозга тушди. Дарҳол, уни қўлимга олдим. Ўн сўмлик пул экан. Зудлик билан уйга ошиқдим. Бу вақтда мендан бахтли одам йўқ эди. Кўча эшик олдида онам мени кутиб турарди.
– Ойижон, мана буни қаранг, йўл четида ётган экан, топиб олдим, – дедим ўзимда йўқ хурсанд.
Онам менинг бу хурсандчилигимни бутунлай бошқача қарши олди.
– Ҳозироқ ортингга қайтиб, пулни қайси жойдан олган бўлсанг, ўша ерга қўйиб келасан, – деди.
Минг бир хаёл билан ортимга қайтдим. Ахир, пулни ўғирлаб олмаган бўлсам, нега уни олмадилар? Пулни топиб олганимга ишонмадилар, шекилли. Пулни олиб бориб жойига қўйдим, деб айтсам-чи. Уни яширганимни билиб қолсалар, нима бўлади? Шу каби ўй-хаёллар билан пулни топиб олган жойга келиб қолганимни сезмай қолибман.
Пулни қаердан олган бўлсам, ўша ҳолда жойига қўйдим ва орқамга қайтдим. Уйга келиб, онамга айтдим. Онам менга ишондилар. Шундан сўнг менга:
– Дунёда бировнинг ҳақидан қўрқ. Ҳалол, пешона теринг билан топган ҳар бир танганг ўзингга юқади. Сен топиб олган ўша ўн сўм учун кимдир меҳнат қилган. Ҳаромдан ҳамиша ҳазар қил. Ўзингга доимо тўғри бўл. Дунёда фақат ҳалоллик, поклик, тўғрилик яшаб қолади. Сен ҳаётга энди қадам ташлаяпсан. Йўл бошида турган одам хатога йўл қўйса, умри давомида фақат қийинчиликларга дуч келаверади. Энди ўзинг хулоса чиқариб ол, болам, – деди.
Бу гапларни онам шундай айтдилар-ки, овозларида қандайдир титроқ, маҳзунлик оҳанглари сезилиб турарди. Бу оҳанг ҳали- ҳануз қулоқларим остида жаранглайди. Орадан қанча йиллар ўтди. Ўша кўчадан ўтаётганимда пул топиб олганим жойга нигоҳим тушади-ю, яна ўша воқеа хаёлимда қайта жонланаверади.
Ҳаётда онамнинг айтганларига риоя қилиб кам бўлмадим…
Бўлиб ўтган бу воқеани фарзандларимга кўп маротаба ҳикоя қилиб берганман. Ҳар сафар улар диққат билан қулоқ солишади. Бу воқеа мен учун онамдан бир хотира бўлса, фарзандларим учун тарбия мактабидир.
Асрор Сулаймонов, ЎзА