Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.
2017 йилдан буён ҳар йили декабрь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни – “Ҳосил байрами” сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Бу кун юртимиз деҳқон ва фермерлари, томорқа ер эгалари, олимлар ҳамда соҳанинг жонкуяр ходимларига ҳурмат ва миннатдорлик билдириш учун алоҳида сана ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари халқимизнинг фаровонлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги фидойилиги билан мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Шу сана муносабати билан соҳа фидойиларини тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири И.Aбдураҳмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ш.Тешаев ва бошқалар қишлоқ хўжалиги ходимларининг машаққатли меҳнатини алоҳида таъкидлаб, юқори натижаларга эришгани учун уларга чуқур миннатдорлик билдирди.
Фермер хўжаликлари, кластерлар раҳбарлари, томорқа ер эгалари, соҳа олимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда соҳада фидойилик намунасини кўрсатиб келаётган 37 нафар фидойи ходим “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги фидойиси” “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги аълочиси”, “Ўзбекистон Республикаси чорвачилик фидойиси”, “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” каби кўкрак нишонлари, 6 нафари эса дам олиш масканларига бепул йўлланма билан тақдирланди. Ушбу мукофотлар уларнинг меҳнатини эътироф этиш билан бирга, бошқа деҳқон ва фермерларни ҳам юксак натижаларга эришишга ундаши шубҳасиз.
Тадбирда таъкидланганидек, қишлоқ хўжалиги – бу нафақат маҳсулот етиштириш, балки миллий меросимиз ва турмуш тарзимизни юксалтиришга қаратилган буюк ишлардан биридир. Шу боис, бугунги тадбир нафақат соҳа ходимларини рағбатлантириш, балки жамиятда меҳнаткаш ва фидойи инсонларга ҳурмат-эътиборни оширишда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА