Нукус шаҳри марказидаги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат байроқлари ўрнатилган майдонда “Қорақалпоғистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари давлат мадҳиялари янгради. Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни байроқ қабул қилинганининг 32 йиллиги билан муборакбод этди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 1992 йил 14 декабрь куни XI сессиясида “Қорақалпоғистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Байроқ эзгулик, донишмандлик, поклик, садоқат, гўзаллик, тинчлик, янгиланиш каби ҳис-туйғуларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир. Шундай экан, давлат рамзларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уни улуғлаш ва баландларга кўтариш ҳар биримиз учун она Ватан олдидаги фарзандлик бурчимиздир.
Сўнгги йилларда халқимиз ҳаётида, инсонларнинг маънавий оламида катта ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бермоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган фармон ва қарорлар халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилишига асос бўлмоқда. Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар алоҳида эътироф этилди.
Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА