Япония пойтахти ишчи оналарга ёрдам кўрсатиш ва рекорд даражадаги паст туғилиш даражасини ошириш учун давлат хизматчиларига ҳафтасига тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий қилади.

Токио пойтахти ҳукуматининг айтишича, 2025 йил апрель ойида бошланадиган янги келишув ходимларга ҳафтада уч кун дам олиш имконини бериши мумкин. Шунингдек, 1−3-синфларда ўқийдиган болалари бор ота-оналарга бошқа бир таклиф ҳам мавжуд: бунда улар одатдагидан камроқ иш ҳақи олиши эвазига қисқартирилган иш соатларига эга бўла олади.

Ёдингизда бўлса, шу йилнинг октябрь ойида Исландиянинг 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиши бутун дунёда шов-шув бўлганди. Бу қарорни маҳаллий ҳукумат Исландиядаги каби тўрт кунлик иш ҳафтаси иқтисодиёт ўсишига хизмат қилгани учун қабул қилмади. Гап демографияда. Токиода кекса аҳоли фоизи жуда кўп. Шу боис, давлат амалдорлари одамларга кўпроқ дам олиш кунлари берилса, уларда оила қуриш ва фарзанд кўришга истак кўпаяди, деган фикрга келган. Ҳозир японлар оила ва карьера ўртасида танлов қилишига тўғри келмоқда.

Исландиядаги ўрта мактаб ўқитувчиси Мария Хьялмисдоттир бу ислоҳотнинг амалдаги натижалари ҳақида ёзган.

Маълумки, Исландия 2019 йилдан буён иш ҳафтасини 36 соатгача қисқартириш бўйича муваффақиятли ислоҳотларни амалга ошириб келаётган эди. Бунинг натижаси ўлароқ, 90%га яқин исландиялик ҳозирда камроқ ишлаш имкониятига эга. Бу камроқ стрессга чалиниш, ишдан қониқиш ҳиссининг ортиши ва шахсий ҳаёт учун кўпроқ вақт ажратишга ёрдам берди.

Айниқса, бу ўзгариш аёлларнинг оила ва ишни уйғунликда олиб боришида енгиллик туғдиргани катта ютуқ сифатида эътироф этилмоқда. Эркаклар ўз навбатида фарзандлари ҳаётида фаолроқ иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Энди одамлар оила билан ўтказиш ёки шифокорга бориш, дўкондан маҳсулотлар харид қилиш ва спорт билан шуғулланиш каби зарурий ишлар ўртасида танловни амалга ошириши шарт эмас.

Бу тажриба Германия, Португалия ва Буюк Британия каби давлатларни ҳам пилот лойиҳаларни ишга туширишга ундади, Бельгия эса қонунчилик томонидан барча ҳохловчилар учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий қилган илк ЕИ мамлакатига айланди.

Исландия тажрибаси шуни кўрсатдики, иш вақтининг қисқариши иш унумдорлиги ва хизмат кўрсатишга зарар етказмади. Аксинча, қаҳва учун узоқроқ муддатли танаффуслардан воз кечиш эвазига улар аввалгидек қолди ёки ундан ҳам яхшиланди.

Иш ҳафтасининг қисқариши Рейкьявик аҳолиси жума кунлари доимий дуч келадиган пробкалардан ҳам қутулишга ёрдам берган.

Хўш, Сиз қандай фикрдасиз? Ўзбекистон аҳолиси учун ҳам 4 кунлик иш ҳафтаси керакмикин? Фикрларингизни изоҳларда қолдиришингиз мумкин.

М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА