Ўзбекистон ва Корея ўртасида электротехника саноатини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларда келишувларга эришилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 26 июль куни хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш, бу борадаги камчиликларни бартараф этиш, сармояларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқ ва кўрсатмалар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси вакилларидан иборат делегация яқинда Жанубий Корея Республикасида бўлиб қайтди.
Ташриф якунлари бўйича Тошкентда брифинг ташкил этилди.
Ўзбекистон ва Корея ҳамкорлиги ривожланмоқда. Юртимизда ушбу мамлакат капитали иштирокида кўплаб корхоналар фаолият юритмоқда. Мазкур корхоналар нефть-газ, кимё, автосаноат, электротехника ва тўқимачилик соҳаларида, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм йўналишларида муваффақиятли иш олиб бормоқда. Корея Республикаси халқаро ҳамкорлик агентлиги ҳамда Корея экспорт-импорт банки мамлакатимизда қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. “Samsung”, “LG” сингари йирик корпорациялар юртимизда қўшма корхоналар ташкил қилмоқда. Хусусан, “Samsung-Electronics” компанияси маҳаллий “Artel” компанияси билан ҳамкорликда маиший техника воситаларини ишлаб чиқармоқда. Жорий йилда Кореянинг “Kiturami“ компанияси билан иситиш қозонларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Журналистларга Жанубий Кореядаги йирик саноат корхоналари ва уларнинг вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқот натижалари хусусида маълумот берилди. Таъкидландики, делегация Кореядаги йирик электротехника саноати корхоналари раҳбарлари, инвесторлари билан учрашувлар ўтказиб, ўзаро манфаатли келишувлар юзасидан музокаралар олиб борган. Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Корея ўртасида электротехника саноатини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларда келишувларга эришилган. Ўз навбатида кореялик ишбилармонлар юртимизда янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича қатор таклифларни билдирган.
Делегация аъзолари хизмат сафари давомида онлайн режимдаги электр, газ, иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлари ишлаб чиқарувчи “Dongho Cosmo” компанияси ва унга ҳамкор бўлган бошқа саноат корхоналарига ташриф буюриб, икки томонлама амалий музокаралар олиб борди. Даставвал, корхонанинг ишлаб чиқариш қувватлари билан танишилди. “Ўзэлтехсаноат“ АК, Андижон вилояти ҳокимияти ва “Dongho Cosmo” компанияси ўртасида келишув имзоланди.
Шунингдек, компания вакиллари Корея электротехника саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар уюшмасида ҳам бўлиб, мамлакатимиз инвестициявий муҳити ҳақида маълумот берди.
Ташриф доирасида Электротехника маҳсулотлари кооперацияси (КЕМС) билан музокара олиб борилди. Мазкур ташкилот таркибида 540 электротехника корхонаси мавжуд. Улар тайёр маҳсулотлар учун янги бозорларни излаб топиш, маҳсулотларни арзон нархларда ишлаб чиқариш учун юқори сифатли хомашё ва таркибий қисмларни таъминлаб бериш билан шуғулланади.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Корея ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, транспорт-логистика соҳасида, янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар яқин келажакда юксак самара беришига ишонч билдирилди.
Делегация аъзолари, шунингдек ёзув платаларини ишлаб чиқарувчи “Ki Joo Industrial Ltd” корхонаси, қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи “Hi Group” сингари йирик саноат корхоналари раҳбарлари билан қизғин музокаралар олиб борди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА