Франция пойтахтидаги UNESCOнинг штаб квартирасида Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғотит турк” асарининг 950 йиллигига бағишланган конференция ўтказилди.

Анжуман доирасида туркий дунёнинг бой мероси ва интеллектуал анъаналари рамзи бўлган мазкур асарнинг озарбайжон тилига таржимаси тақдим этилди.

Йиғинда туркий давлатларнинг Францияда аккредитациядан ўтган элчилари, UNESCO ишлари бўйича миллий комиссиялар бош котиблари ва туркий давлатларнинг UNESCOдаги доимий вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон, Венгрия ва бошқа давлатларнинг таниқли олимлари иштирок этди.

Эътиборли жиҳати, тадбирда Истанбулдаги Али Амирий Афанди кутубхонасида сақланаётган “Девону луғотит турк”нинг асл нусхасидан кўчирилган махсус тайёрланган нусхаси тақдим этилди.

Конференциядан кўзланган мақсад, Маҳмуд Кошғарий томонидан ХI асрда яратилган ушбу монументал асарнинг аҳамиятини ўрганиш, унинг замонавий даврдаги долзарблигини таъкидлаш ва бу меросни келажак авлодлар учун асраб-авайлаш борасида янги ташаббусларни илгари суришдан иборатдир.

Тадбирни Турк маданияти ва мероси жамғармаси раҳбари Оқтўти Раимқулова очар экан, 2024–2025 йилларда “Девону луғотит турк”нинг 950 йиллигини UNESCO доирасида нишонлаш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у ушбу асарнинг тарихий аҳамияти ва замонавий даврда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришдаги роли ҳақида сўз юритди.

Маҳмуд Қошғарий томонидан тузилган бу асар шунчаки луғат эмас, балки туркий тиллар бойлиги, туркий анъаналар ҳикмати ва туркий маданиятнинг жўшқинлигини акс эттирувчи энциклопедия сифатида таърифланади.

Маълумот ўрнида айтиш мумкин, ХІ асрнинг атоқли олими ва мутафаккири Маҳмуд Қошғарийнинг мазкур асари бундан 950 йил аввал ёзилган. Асар туркий ёзувнинг “Ўрхун ёдгорликлари”дан кейин сақланиб қолинган иккинчи муҳим ёдгорлик ҳисобланади. Китоб илк бор араб тилидан озарбайжон тилига машҳур озарбайжон тилшуноси ва туркологи Холид Саид Хўжаев томонидан таржима қилинган. Кейинчалик у қатағон қилинган ва унинг барча асарлари йўқ қилинади. Бундан атиги 3 йил аввал Озарбайжон Миллий Фанлар Академияси Насимий номидаги Тилшунослик институти директори Нодир Маммадли архив материаллари орасида китобнинг Саид Хўжаев таржимаси бўйича ишчи ёзувларини топди. Ва шу пайтдан бошлаб Нодир Маммадли бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар қўлёзмани очиш устида машаққатли иш бошладилар.

Таъкидлаш жоизки, “Девону луғотит турк” қомусий асари туркий тилнинг бой луғат бойлиги ва цивилизация ҳаётининг беназир осори-атиқалари орқали маданиятнинг монументал гўзаллигини намойиш этади. Шунингдек, туркий халқлар қабилалари ва Туркистон географияси билан таништирувчи, туркий мифологияси, халқ оғзаки ижоди, туркий жамиятнинг кундалик ҳаёти ва урф-одатлари ҳақида ноёб билимлар берувчи энциклопедиядир.

Луғатда 9000 дан ортиқ туркий сўзларнинг арабча эквивалентлари мавжуд. Сўзларни изоҳлашда қўлланилган шеър, мақол ва наср намуналари бу китобга қомусий хусусият бағишлайди.

UNESCO Бош директорининг Африкадаги устувор масалалари ва ташқи алоқалар бўйича ўринбосари Фирмин Эдуард Матоконинг сўзларига кўра, “Девону луғотит турк” асарининг 950 йиллигини нишонлаш нафақат туркий дунё учун катта аҳамиятга эга, балки жаҳон маданий мероси учун ҳам муҳим воқеадир.

Гўзал Сатторова,

ЎзА