Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Сўнгги икки ойда йиллик инфляция даражаси бироз пасайиб, ноябрь ойи якунида 10 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг пасайиши, асосан, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлашуви ҳисобига юзага келди.
Иқтисодиётда шаклланаётган юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ялпи талабни қўллаб-қувватлаши ҳисобига хизматлар ва ноозиқ-овқат товарлари нархларида ўсиш хатарлари сақланиб қолмоқда.
Аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари доирасидаги айрим харажатларнинг ўзгариши ва об-ҳаво совуши билан энергия нархлари эркинлаштирилишининг иккиламчи таъсирлари юзага чиқиши иқтисодиёт субъектларининг инфляцион кутилмаларида ҳам намоён бўлмоқда. Ноябрь ойида аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари мос равишда 13,7 ва 12,7 фоизгача тезлашди.
Сўнгги тўрт ой давомида базавий инфляциянинг 7 фоиз атрофида сезиларли ўзгаришсиз шаклланаётгани, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар базавий инфляциясининг нисбатан юқори даражалари ҳамда чакана савдо ва хизматлар соҳасида тушумлар ҳажмларининг ошиб бораётгани иқтисодиётда талаб омиллари таъсирининг сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда.
Шунингдек, ялпи талабнинг барқарор ўсиш суръатлари ва меҳнат бозоридаги фаоллик мавжуд инфляцион босимларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолишига ишора бермоқда. Иқтисодиётда иш ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ошиб бораётгани аҳоли даромадларини реал ҳисобда ошириб, юқори инвестицион фаоллик шароитида келгуси ойларда ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Натижада, ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида ҳам барқарор тенденцияларни намоён этиб, йил якунида 6-6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.
Аҳоли реал даромадларининг ошиши шароитида иқтисодиётдаги инфляцион жараёнларни самарали жиловлаш ялпи талаб ва таклиф орасидаги мувозанатни таъминлашни, бу эса, ўз навбатида, пул-кредит шароитлари қатъийлигини жорий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
Ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг 5 фоизлик таргетигача барқарор пасайишига эришиш учун пул-кредит шароитларини етарлича қатъий даражада шаклланиши таъминлаб борилади. Бунда, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратилади.
Иқтисодиётдаги жорий юқори талаб ва нархларга оширувчи босимлар келгуси чоракларда кучайиши бўйича эҳтимоллар ва асослар юзага келган тақдирда асосий ставка қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Ш.Маматуропова,
ЎзА