Президент Шавкат Мирзиёевнинг парламент палаталарида сўзлаган нутқлари, шунингдек, 2025 йил – “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши муносабати билан ижро ҳокимияти органлари раҳбар кадрлари ва секторлар раҳбарлари олдида турган вазифалар бўйича ўқув-амалий семинар бошланди.
Унда вазирлик ва идоралар масъуллари, Фарғона, Наманган, Самарқанд ҳамда Тошкент вилоятларининг сектор раҳбарлари қатнашмоқда.
Мазкур ўқув-амалий семинар Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида белгиланган дастурга мувофиқ бешта вилоятнинг туман, шаҳарларидаги сектор раҳбарлари (ҳоким, прокурор, ички ишлар бўлими ҳамда солиқ инспекцияси бошлиқлари)нинг аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш тизимининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича билим ва кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.
Ўқув-амалий семинарни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кириш сўзи билан очиб берди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларга мувофиқ, “маҳалла еттилиги” фаолиятини янги механизм асосида йўлга қўйиш зарурлигига эътибор қаратди.
Жойларда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, маҳаллабай ишлашга масъул раҳбарлар фаолиятини самарали ва ўзаро ҳамкорликда ташкил этиш ҳамда уларда зарур билим, кўникмаларни шакллантиришда бугунги семинарнинг аҳамияти хусусида тўхталди.
Семинарда ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш, инвестиция, экспорт ва маҳаллийлаштиришда устувор масалалар бўйича амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Миграция жараёнларини тартибга солиш, янги тартибга кўра ер ажратиш, маҳаллалардаги бўш объектлардан самарали фойдаланиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ҳамда йўл бўйи ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳақидаги янгиликлар ҳақида тушунча берилди.
Бундан ташқари, тадбир давомида Шаҳарсозлик, атроф-муҳитни асраш, ислоҳотларнинг ҳудудлардаги самарадорлигини ҳамда мансабдор шахслар фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш ва бошқа долзарб мавзуларда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, соҳа мутахассислари томонидан мулоқот шаклида маърузалар ташкил этилади.
Ўртага ташланган мазкур масалалар юзасидан ечимлар ишлаб чиқиш бугунги семинарнинг асосий ва муҳим жиҳатларидан биридир.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ўқув-амалий семинар ўз ишини 21 декабргача, 3 та гуруҳ билан давом эттиради. Ҳар бир гуруҳда 250 нафардан зиёд тингловчи иштирок этмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА