Яқин Шарқда яна бир уруш нуқтаси

Ушбу ҳафта дунёнинг яна иккита нуқтасида сиёсий тартибсизлик бошланди. Булардан биринчиси Сурия бўлса, Иккинчиси Жанубий Кореядир. Ҳозир Сурия ҳақида. Мамлакатдаги инқироз Яқин Шарқдаги вазиятни янада оғирлаштирди. Эрон бош дипломати Аббос Арақчи Сурия Президенти Башар Асад билан учрашиш учун Дамашққа бориши Ҳаёт Таҳрир Ал-Шом исёнчи гуруҳнинг Ҳалаб ва Идлибдаги ҳудудлар устидан назоратни қўлга олган пайтга тўғри келди. Ҳафта давомида Ҳама шаҳри ҳам қўлдан кетди.

Сурия армияси якшанба куни бу икки шаҳардаги қўзғолончиларни ортга қайтариш учун бир неча қарши ҳужум уюштирган. “Оқ дубулғалилар” номи билан танилган мамлакат фуқаролик мудофаси гуруҳи Асад армияси қўшма қарши амалиётни Россия кўмагида бошлаганини маълум қилган.

13 йиллик урушда Асадни қўллаб-қувватлаб келаётган РФ бу гал ҳам Сурияга исёнчи кучларга қарши курашда ёрдам бериши, тартибсизликнинг дастлабки кунларида 320 нафар жангари ва 63 та зирҳли машина йўқ қилингани айтилган. Эрон ҳам узоқ давом этган фуқаролар урушида Асаднинг асосий сиёсий ва ҳарбий иттифоқчиси ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Асад режими Европадаги иттифоқчилари орқали Исроилдан ёрдам сўраган. Бироқ, Тел-Авив аввал Суриядаги Эронпараст кучларни чиқариб юборишини сўраб, ижобий жавоб бермагани маълум.

Мамлакат қуролли мухолифатини бошқараётган Ҳаёт Таҳрир Ал-Шом гуруҳи раҳбари Абу Муҳаммад Ал-Жоланийнинг сўзларига кўра, Сурия исёнчилар коалициясининг мақсади бу ҳафта яна бир йирик шаҳарни ҳукумат назоратидан тортиб олиш ва охир-оқибат авторитар президент Башар Асадни ағдаришдир. Шунингдек, у мамлакатдан АҚШ, Туркия, Россия, Эрон ҳамда Эроннинг ишончли вакиллари чиқиб кетишини таъкидлаган.

Жанубий Кореядаги сиёсий инқироз

4 декабрга ўтар кечаси Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилиб, ўз қарорини конституцион тартибни «коммунистик кучлар» ва Корея Халқ Демократик Республикаси томонидан келаётган хавф-хатардан сақлаш билан изоҳлаган. Бироқ, унинг ҳаракати ўз ҳокимиятини кучайтириш ва рақибларини ўзидан узоқлаштириш экани айтилган.

Унинг сўзларига кўра, Шимолий Кореядан ҳам, маҳаллий «аксил давлат унсурлар» томонидан ҳам пайдо бўлган таҳдидларни бартараф этиш керак. Бироқ, Президент шимолдан айнан қандай хатар мавжудлигига аниқлик киритмаган. Айни пайт ҳар икки томон техник жиҳатдан уруш ҳолатига яқин турибди.

Шундан сўнг парламент йиғилиш ўтказиб, ҳарбий ҳолатни бекор қилган. Бундай ҳолат мамлакат тарихида охирги 44 йилликда кузатилмагани маълум.

Жанубий Корея бош вазири Хан Дак Су кўплаб истеъфолар ва президентнинг истеъфога чиқишига чақириқлар кучайиб бораётганидан кейин халққа «охиригача» хизмат қилишга ваъда берди.

«Мен Вазирлар Маҳкамасини назорат қилувчи Бош вазир сифатида ҳозиргача бўлган барча воқеалар учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммамга оламан. Шу пайтдан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси мамлакат барқарорлиги ва одамларнинг кундалик ҳаётига таъсир қилмаслигини таъминлаш бўйича ўз вазифаларини бажариши керак «, -деди Хан ўз мурожаатида.

Юнга импичмент қўлланилиши шанба куни кечқурун кўриб чиқилиши айтилган. Видео ёзиб олинаётган вақтда унинг тақдири ноаниқлигича қолаётган эди. Унинг ҳукуматидаги ўнлаб амалдорлар истеъфога чиққан. Улар орасида Мудофаа вазири ҳам бор.

Исроил юришининг давом этиши

Ўтган ҳафта Исроил-Ливан ўртасида оташкесим эълон қилинган эди. Бироқ, бу бир ҳафтага ҳам бормади. Яҳудий давлати аскарлари ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида ўзаро ҳужумлар давом этди. “Ҳизбуллоҳ” Исроилга қарши жавоб зарбаларини тегишли органларнинг ушбу қонунбузарликларни тўхтатиш ҳақидаги мурожаатлари натижа бермагани учун бошлаганлигини айтди. Бироқ, Тел-Авивнинг иттифоқчиси Қўшма Штатлар “ҳаммаси яхши бўлиб кетади” дейишдан нарига ўтмаяпти.

Январда Оқ уйга келадиган Трамп Ғазодаги асирлар озод этилмаса, уларни жаҳаннамга жўнатиш билан таҳдид қилди.

“Amnesty International” инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса янги ҳисоботида Исроилнинг Ғазога қарши уруши геноцид белгиларига мос келиши таъкидланди.

Ташкилот бир неча ойлик тадқиқотлари, жумладан, гувоҳларнинг кенг кўламли интервюлари, визуал ва рақамли далиллар, сунъий йўлдошлар таҳлилининг якуни бўйича ана шундай хулосага келган.

“Amnesty International”га кўра, Исроил томонидан 1948 йилги Геноцид конвенцияси томонидан тақиқланган бешта ҳаракатдан камида учтасини Ғазода содир этилган. Булар сирасига тинч аҳолини ўлдириш, оғир жисмоний ёки руҳий зарар етказиш ва атайлаб ҳаёт шароитларини ёмонлаштириш киради.

Исроилнинг собиқ мудофаа вазири, собиқ армия бош штаб бошлиғи Моше Яалон Исроил матбуотига Нетаняҳунинг ўта ўнг қанот кабинетидаги қаттиққўл тарафдорлар Ғазо шимолидан фаластинликларни қувиб чиқаришга интилаётганини ва у ерда яҳудий аҳоли пунктларини қайта тиклашни хоҳлаётганини айтди. “Биз олиб бораётган йўл — бу фатҳ, аннекция ва этник тозалаш”, — дея қўшимча қилган у.

Пайшанба куни уй-жой вазири Ғазо чегарасига ташриф буюрди ва анклавда аҳоли пунктларини қайта тиклаш ташаббусини қўллаб-қувватлаган. “Бу ерга яҳудийларнинг жойлашиши 2023 йил 7 октябр қирғинига ва Гаагадаги Халқаро жиноий судга жавобдир”, — деган вазир.

Ҳозир бир нарса аниқ Ғазо ҳамда Ливанда тинч аҳоли қурбон бўлмоқда ва бунга Исроил шунчаки кўз юмаяпти.

Россия мигрантларни қувмоқда

Уруш ичида бўлган Кремл мигрантларни “қувмоқда”. Россиянинг Твер вилоятида 2025 йилдан бошлаб чет эл фуқаролари ишлай олмайдиган иқтисодиёт соҳалари рўйхатини икки баравардан ҳам кўпроққа оширилмоқда. 2024 йил учун хорижлик ишчи кучидан фойдаланиш иқтисодий фаолиятнинг 36 тури бўйича тақиқланган бўлса, кейинги йилдан бу кўрсаткич 82 тага етказилмоқда.

Айтилишича, иқтисодий фаолиятнинг 52 тури бўйича тўлиқ тақиқ жорий этилади, 30 тасида эса айрим касбларга чекловлар қўйилади.

Келгуси йилдан бошлаб электр энергияси, газ ва буғ билан таъминлаш, сув олиш, тозалаш ва тақсимлаш, оқова сувларни йиғиш ҳамда қайта ишлаш, компютер ишлаб чиқариш, сув транспорти фаолиятида чет эллик ишчилардан фойдаланиш бутунлай тақиқланади. Шунингдек, телевидениедан тортиб ветеринариягача мигрантлар хизматидан вос кечилади.

Бундан ташқари, айрим касблар бўйича тақиқ рўйхатига чорвачилик, балиқчилик, гўшт ва балиқни қайта ишлаш, сут маҳсулотлари, нон ва нон маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари ва ёғлар, ун маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвон емлари, қоғоз, нефт маҳсулотлари, кимёвий моддалар, дори-дармонлар ва тиббий материаллар ишлаб чиқариш ҳам киритилган. Чекловлар электр ускуналари, транспорт воситалари, мебел ишлаб чиқариш, таъмирлаш, машина ва ускуналарни ўрнатиш ҳамда бошқа фаолият турларига ҳам тааллуқлидир.

Шу қаторда Россиянинг Краснадор ўлкасида янги йилдан тўлиқ чет эллик ишчилардан фойдаланиш тўхтатилиши маълум қилинди. Айтилишича, ҳукумат кадрлар етишмовчилигини маҳаллий ёшлар билан қопламоқчи.

Мамлакат эса ҳамон урушга барҳам беришга шошилгани йўқ. Таҳлилчиларга кўра, ҳамма томон Трамп келишини ундан кейин эса масалани бир ёқли қилишни кутмоқда.

Сардорбек Поёнов, Нишонбой Абдувоитов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА.