Юртимизда ерга бўлган муносабат тубдан ўзгарди ва давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга давлат томонидан кўмаклашиш тизими яратилиб, қўшимча ер майдонлари фойдаланишга киритилди. Энг муҳими, аҳолига ер участкаларини ажратишда барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартиб жорий этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан “Ер ресурслари – Конституция муҳофазасида” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз борди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ер участкаларидан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, уларни муҳофаза қилиш, янги ерларни ўзлаштириш ҳамда қайта муомалага киритиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқлари кафолатланди.

2024 йил 9 октябрь куни имзоланган “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан мамлакатда ерга оид муносабатларда тенглик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси яратилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам ер қонунда назарда тутилган ҳамда ундан оқилона фойдаланишни ва уни умуммиллий бойлик сифатида муҳофаза қилишни таъминловчи шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк бўлиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бу билан фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли ерларни уларни ўзлари томонидан хусусийлаштириб олиш имконияти яратилди.

Давра суҳбатида Асосий қонунимизда ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги акс этгани, бу ўз навбатида, бир неча йиллардан буён жамиятимиздаги ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” деган муаммога бутунлай барҳам берганлиги эътироф этилди.

Депутатларнинг фикрича, Конституцияда ўз аксини топган нормаларнинг амалиётга жорий этилиши келажакда мулкдорларга, хусусан, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига уларнинг ерга бўлган мулк ҳуқуқини конституциявий даражада мустаҳкамлашга имкон яратади.

М.Комилова, ЎзА