Шу кунларда Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, милиция генерал-майори Октябрь Урмамбетов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Қирғизистонлик меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ва тегишли хизматлар бошлиқлари билан учрашув ўтказди.
Шундан сўнг делегация вакиллари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати фаолияти билан танишди.
Меҳмонлар шу ердаги яратилган замонавий шарт-шароитлар билан танишди. Хизмат томонидан вазирлик соҳавий хизматлари фаолиятининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши ҳамда мавжуд ижодий материалларни кўздан кечириб, амалиётга татбиқ қилинган ёндашувларга юқори баҳо берди.
Меҳмонлар Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида бўлиб, Киберхавфсизлик маркази, Ахборот мультимедиа маркази ва Ягона тезкор бошқарув маркази ҳамда Бош бошқарма тарихи музейи билан яқиндан танишди. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳот ва ички ишлар тизимининг бугунги қиёфаси ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги делегацияси иштирокида икки томонлама ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув мамлакатда қолишга қонуний ҳуқуқи бўлмаган шахсларни қайта қабул қилиш жараёнларини автоматлаштирувчи, рақамли таққословчи ва жараённи тезлаштирувчи ахборот технологиялари тизими тақдимоти билан бошланди.
Учрашувда томонлар ушбу долзарб масала юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, мамлакатга келаётган йўловчилар тўғрисида олдиндан хабар бериш тизимининг тақдимоти ҳамда Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция бош бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ўртасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик алоқалари муҳокамаси ҳам бўлиб ўтди.
***
ИИВ Академиясига эса Корея миллий полиция агентлиги ва таълим муассасалари вакилларидан иборат делегация ташриф буюрди.
Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик доирасида амалга оширилган ташриф аввалида меҳмонлар академия фаолияти билан яқиндан танишди.
Делегация аъзоларига таълим жараёнлари, бакалавриат ва магистратура босқичлари, профессионал кадрлар тайёрлашга ихтисослашган мутахассислик йўналишлари, академиянинг моддий-техника базаси ва замонавий имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Криминалистик экспертизалар кафедраси билан танишиш асносида меҳмонлар назарий ва амалий машғулот хоналари, махсус лабораториялар ҳамда ўқув тезкор-тергов гуруҳи учун мўлжалланган техник воситаларга алоҳида қизиқиш билдирилди.
Ўзаро мулоқот чоғида таълимдаги илғор ёндашувлар бўйича тажриба алмашиш, рақамли криминалистика йўналишида ўқув курсларини ташкил этиш, илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларида фикр алмашилди. Хорижий меҳмонлар икки томонлама алоқалар ривожланиб бораётганини эътироф этиб, ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини маълум қилди.
Н.Абдураимова, ЎзА