Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан журналист ва блогерлар учун “Пул-кредит сиёсатининг 2025 йил ва 2026-2027 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари” мавзуида медиа-мулоқот бўлиб ўтди.

Унда Марказий банк томонидан амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати, унинг асосий мақсади ва истиқболдаги чора-тадбирлар тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Мулоқот давомида масъул мутахассислар билан Марказий банкнинг ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлари ва пул-кредит сиёсати соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган чоралар муҳокама қилинди.

Тадбирда қайд этилишича, реал ялпи ички маҳсулот – ЯИМ ўсиши қатъий пул-кредит шароитлари ва фискал консолидация таъсирида 2025 йилда 5,5-6 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда. 2026-2027 йилларда ЯИМ ўсиши 6-6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу ўсишнинг келгуси йилдаги секинлашиши асосан фискал тақчилликнинг 3 фоизгача қисқариши, кредитлар ўсишининг йиллик 14-15 фоизгача секинлашиши, хорижий инвестициялар ва пул ўтказмалари ўсиш суръатининг нормаллашуви ҳисобига кузатилади.

2026-2027 йилларда иқтисодий ўсишнинг 6-6,5 фоизлик даражаси истеъмол ва инвестицион фаолликнинг юқори шаклланиши билан боғлиқ. Келгуси 3 йилда экспортнинг реал ЯИМ ўсишига таъсири ҳам юқори сақланиб қолиши, шунингдек, 2025-2027 йилларда пул ўтказмаларининг фундаментал тренд доирасида йиллик 10-15 фоизга ошиб бориши прогноз қилинмоқда. Хусусан, Россияда ишчи кучи тақчиллиги ҳисобига иш ҳақида кузатиладиган юқори ўсиш суръатлари пул ўтказмаларига оширувчи таъсир кўрсатади. Бошқа давлатларга миграция оқимининг ошиб бориши ҳисобига ушбу давлатлардан пул ўтказмаларининг сезиларли ўсиши кутилмоқда.

Мазкур медиа-мулоқотда иштирокчилар иқтисодий билимларини ошириш, мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлди.

Гулноза Бобоева, Носиржон Ҳайдаров(сурат), ЎзА