Бугун мамлакатимизда “Яшил энергиядан” фойдаланиш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Жойларда қуёш панеллари ўрнатилиши ҳамда “Яшил энергия” ахборот тизимига киритилган маълумотлар божхона ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ходимлари ҳудуддаги оилавий корхоналардан бирига ўрнатилган 80 кВт қувватли қуёш панеллари самарасини ўрганди. Маълум бўлишича, мазкур муқобил энергия манбалари томонидан бугунги кунга қадар 6 минг кВт электр энергияси ишлаб чиқарилиб, тадбиркорнинг ўз эҳтиёжини қаноатлантиришга ҳамда ортган қисмининг тармоққа сотилиб, даромад олишига замин яратган.

Ишчи гуруҳ ўрганишлар давомида Қўнғирот туманида жойлашган тиббий хизмат кўрсатиш клиникасига ўрнатилган 50 кВт, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш шохобчасидаги 40 кВт қуёш панелларининг ишчи ҳолати кўздан кечирилди. Электр энергияси ишлаб чиқаришда қуёш панелларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйган мазкур тадбиркорнинг корхонасига тегишли бўлган бинода яна 90кВт қувватдаги қуёш панелларини ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, биргина Қорақалпоғистон Республикасида жорий йил бошидан 4 минг 220 та объектга 25,22 МВт қуёш панели ўрнатилганлиги божхона ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, “Яшил энергия” ахборот тизимида тасдиқланди. Шундан, “Ижтимоий соҳа” йўналишида 266 та ижтимоий соҳа объектларига 3,30 МВт, 1 минг 725 та тадбиркорлик субъектига 13,27 МВт ва 2 минг 212 та аҳоли яшаш хонадонига 8,5 МВт қуёш панеллари ўрнатилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири