Анжуман дунё халқларида эзгулик туйғулари юксалишига хизмат қилади

Мамлакатимиз жадал тараққиёт йўлига ўтган бугунги кунда халқимизнинг қадим тарихи, маданияти, маънавиятини адабиёт орқали жаҳонга танитиш муҳим вазифага айланди. “Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этаётган хорижлик таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, моҳир таржимонлар ўзбек адабиётининг бадиий дурдоналарини ўрганиб, уларни жаҳон халқларига етказиш борасида қимматли фикрларни билдирмоқда.
ЎзА мухбирлари улардан айримлари билан суҳбатлашди.
Абдулҳаким Шаърий ЖУЗЖОНИЙ, олим (Швейцария):
– Ўзбек тили қадим ва буюк тилдир. Бу тил луғат бойлиги, грамматик ва лексикологик жиҳатдан бемалол халқаро тил мақомига даъвогарлик қила олади. Чунки ўзбек тилининг илдизи жуда кўҳна даврларга бориб тақалади. Аҳмад Югнакий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб каби қомусий алломаларнинг тил тарихи, қоидалари ҳақидаги асарлари ўзбек тилининг нақадар бой тил эканини кўрсатиб турибди. Ҳазрат Навоийнинг шоҳ асарлари, Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома”си, Машраб, Муқимий, Огаҳий ғазаллари битилган бу тил чин маънода жаҳон тиллари билан баҳслаша олади.
Имдад АВШАР, ёзувчи (Туркия):
– Фан-техника ривожланган бир шароитда адабиёт бўстонини бадиий сўз ва таржима кучи билан ҳимоя қилиш ижодкорларнинг бурчи. Бугун зиммамизда замондош дунёқараши ва маънавиятига таъсир этадиган мазмундор ижод намуналарини яратиш вазифаси турибди. Ушбу нуфузли анжуман бизга бу борадаги келгуси режаларни белгилаб олиш имконини бермоқда.
Туркияда ўзбекистонлик ёзувчи ва шоирлар билан адабий алоқалар яхши йўлга қўйилган. Ўзбекистонлик адибларнинг шеър ва ҳикоялари Туркия газета ва журналларида мунтазам чоп этилади. “Қардош қаламлар” журналимизда Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов сингари атоқли шоир ва ёш ижодкорларнинг шеърлари кенг ёритиб келинмоқда. Ўтказилаётган адабий учрашувлар халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Улуғбек ЕСДАВЛАТ, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси:
– Марказий Осиё халқларининг минг йиллик достонлари ва боқий анъаналари бор. Бугун минтақа бўйлаб адабий алоқалар ривожланиш босқичига кўтарилган. Юртингизда ўтаётган конференция қардош халқлар адабиёти ва халқ оғзаки ижоди намуналарини турли минтақалардан келган олимлар ва ижодкорлар билан кенг муҳокама қилиш имконини бермоқда.
Қозоғистонда ўзбек адабиётини ўрганувчилар кўпчиликни ташкил этади. Дарсликларда Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур ва бошқа мутафаккирлар ижоди ўрганилмоқда. Халқларимизнинг адабий ҳамкорлиги бизни янада яқинлаштиради. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Абай ижодий меросини муносиб баҳолаб, юртингизда уни янада чуқурроқ ўрганишни тарғиб қилиш бўйича қарор чиқаргани бизни беҳад мамнун қилди.
Дилсора КОМИЛ, шоир, таржимон (Канада):
– Ўзбек адабиётидаги жараёнларни мунтазам кузатиб бораман. Ўзбек мумтоз адабиёти дарғаларининг асарлари Канадада ҳам таржима қилинмоқда. Маълумки, “Бобурнома” асари 20 дан ортиқ тилга ўгирилган. Аммо Марказий Осиё, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон мамлакатларининг тарихи, этнографияси ва ижтимоий-маънавий ҳаётини ёритиб берувчи бу бебаҳо асарни яна кўплаб тилларга таржима қилиш ушбу минтақалар тарихини ёритишда катта аҳамиятга эгадир.
Ёш таржимонлар аслият тилини билса-да, баъзан асар ғоясини тўла очиб беролмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Ушбу конференция савияси юқори бўлган ёш таржимонларнинг шаклланишига туртки беради.
Абдуллоҳ РЎЙИН, навоийшунос олим (Афғонистон):
– Қуддусдаги мадрасада таълим олган давримда араб, форс, туркий тилларни ўрганганман. Шу даврлардан бошлаб Навоий асарлари мени ўзига ром этган. Улуғ мутафаккир асарларига бўлган меҳр-муҳаббатим туфайли унинг ҳаёт йўли ва ижодини чуқур ўргандим. Навоий асарлари тилини тушуниш учун кўплаб луғатлар билан танишдим. Шоир асарларини араб тилига таржима қилиб, уларни кенг омма эътиборига ҳавола этиш изланишларимнинг асосий мақсадига айланди.
Афғонистонда менинг раҳбарлигимда Алишер Навоий асарлари 28 жилд китоб шаклида нашр этилди. Шоирнинг 32 асарини араб тилига таржима қилдим. Ўйлайманки, бу изланишларим Навоий асарларини, шунингдек, ўзбек адабиётини бутун дунёга тарғиб қилишга маълум даражада ҳисса қўшади.
Юртингизда ушбу конференциянинг ташкил этилиши адабиётга, айниқса, мумтоз адабиётга қаратилган улкан эътиборнинг яққол намунасидир. Ўзбекистонда бир неча бор бўлганман. Юртингиз йилдан-йил чирой очиб бораётганига гувоҳмиз. Бу галги ташрифимизда Имом Бухорий, Амир Темур мақбаралари, Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ансамбли каби тарихий қадамжолар, шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишни дилимга тугдим. Ўйлайманки, ушбу ташриф менда бир умрлик таассурот қолдиради.
Азизуддин ҲУСАЙН, Жамия миллий исломия марказий университети профессори (Ҳиндистон):
– Ҳиндистон давлат архивида ишлаган кезларимда Мирзо Бобурнинг ижод намуналари билан танишиб, уларнинг аксариятини нашр эттириш ишларига бош-қош бўлдим. Дунёга маълум, Мирзо Бобур нафақат буюк сиёсат арбоби, балки етук шоир сифатида мумтоз адабиётда из қолдирган. Бугунги кунда Ҳиндистондаги “Рампур” кутубхонасида “Бобур девони” қўлёзмаси сақланмоқда. Ушбу китобнинг ноёблиги шундаки, ундаги рубоийлардан бири айнан Мирзо Бобурнинг ўз ҳуснихатида битилган.
Ўзбекистон улуғ алломалар қадамжоларига бой юрт. Конференция олдидан Зангиота, Ҳазрати Имом зиёратгоҳлари ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан танишишга муяссар бўлдик. Мирзо Бобур девонининг бир нусхасини мазкур кутубхонага совға қилдик. Ўйлайманки, бу бобуршунос олимлар ва ўзбек адабиёти ихлосмандларига муҳим манба бўлади.
Обаид Муҳаммад АБДУЛҲАЛИМ, Қоҳира университети профессори:
– Юртингизда ижодкорларга яратилган имкониятларга ҳавас қилдик. Мисрликлар ўзбек халқининг мумтоз сиймолари ва замонавий адибларини яхши танийди. Ўзим ёшлигимдан Абдулла Қаҳҳор ижодига меҳр қўйганман. Ўзбек адабиётининг муҳим жиҳати, ҳар бир буюк асарда инсон тарбияси юқори ўринда туради. Юртингизда илк маротаба ташкил этилаётган мазкур анжуман халқларни адабиёт майдонида бирлашишга, фикр алмашишга чорлайди.
Гопад ЧАРКАЗЯН, шоир, таржимон (Беларусь Республикаси):
– Ўзбек тилида ёзилган нодир асарлар кўп. Уларнинг аксарияти хорижий тилларга таржима қилинган. Шу ўринда ўзбек мумтоз шеърияти ва поэзиясининг ёрқин намояндалари билан бирга замонавий шоир ва ёзувчиларнинг ижоди кенг ўрганиб келинаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Игорь ШПАК, “АДЕФ” нашриёт уйи раҳбари (Украина):
– Ушбу анжуман дунё халқларида эзгулик туйғулари юксалишига хизмат қилади. Мен конференцияда «Алишер Навоий қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин” достонининг украин тилига таржимаси ва ушбу асарнинг халқаро миқёсдаги ўрни» мавзусидаги маърузам билан иштирок этдим. Алишер Навоий кўрсатган йўл замон ва макон танламайди. Шу боис унинг асарларини бутун дунёга, хусусан, украин халқига мукаммал ҳолда етказиш ҳаракатидаман.

 

Дилобар Маматова, Зуҳра Мирзабоева, Абдулазиз Рустамов ёзиб олди, ЎзА