Озарбайжон пойтахти Бокуда бошланган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси 29-конференцияси (COP29) биринчи кунида эътибор глобал исиш билан боғлиқ “кескин” вазиятга қаратилди.
Ўтган йил анжуманга раислик қилган Бирлашган Aраб Aмирликлари махсус вакили – Саноат ва илғор технологиялар вазири Султон Aҳмад Aл-Жобир дунёни иқлим ўзгаришининг салбий оқибатига қарши бирлашишга чақирди.
COP29 Президенти – Озарбайжон экология ва табиий ресурслар вазири Мухтор Бобоев иқлим ўзгаришига қарши курашни молиялаштириш бўйича музокара “мураккаб ва қийин” кечишидан хавотир билдирди.
Конвенция ижрочи котиби Саймон Стилл таъкидлашича, аъзо мамлакатларнинг камида учдан икки қисми эмиссияни тезроқ камайтириши керак: “Aкс ҳолда, ҳар бир давлат қиммат товон тўлайди”.
Куннинг яна бир муҳим воқеаси – Жаҳон метеорология ташкилоти томонидан COP29 доирасида эълон қилинган ҳисоботда атмосферадаги иссиқхона гази доимий ортиб бориши сабабли иқлим жуда тез салбий томонга ўзгараётгани айтилган. 2024 йил узоқ вақт давомида юқори ҳарорат сақланиб, рекорд даражадаги энг иссиқ йил қайд этилди.
– COP29 Озарбайжонда ташкил этилиши ўзига хос аҳамиятга эга, – деди Туркия атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазири Мурод Қурум. – Тузилманинг молиялаштириш бўйича йиғилиши ҳам шу мамлакатда ўтади.
Эслатиб ўтамиз, COP29 доирасида 100 га яқин давлат ва ҳукумат раҳбари иштирок этадиган Жаҳон етакчилари Иқлим саммити (WLCAS) ҳам бўлиб ўтади. Анжуманда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.