Шавкат МИРЗИЁЕВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти: Мумтоз шеъриятнинг порлоқ юлдузи

Маълумки, ўзбек ва тожик халқларини кўп асрлик умумий тарих, маданий-маънавий муштараклик бирлаштириб туради. Бизнинг урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимиз, дину диёнатимиз, кундалик ҳаёт тарзимиз шу қадар яқин ва уйғунки, уларни бир-биридан ажратиш деярли мумкин эмас.
Азалдан бир дарёдан сув ичиб, ўзаро қуда-анда тутиниб, кўз-қошдек яқин қўшничиликда яшаб келаётган халқларимизнинг мустаҳкам дўстлик ришталари ҳақида сўз борар экан, ҳеч шубҳасиз, энг аввало, икки муаззам сиймо — Шарқ адабиётининг забардаст вакиллари мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Алишер Навоийнинг самимий биродарлик муносабатлари ёдга тушади.
Айтиш мумкинки, бу улуғ мутафаккирларнинг бир-бирига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ва самарали ижодий ҳамкорлиги асрлар давомида халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг, адабий алоқаларимизнинг тимсоли сифатида зиёлиларимиз, айниқса, ёш адибларимиз учун ибрат намунаси бўлиб келмоқда.
Абдураҳмон Жомий Алишер Навоийнинг тариқатда пири, адабиётда устози, ҳаётда энг яқин дўсти ва маслакдоши эди. Навоий бу улуғ зот ҳақида чексиз эҳтиром билан «Муршиду устоду пир манга», дея эътироф этиб ёзгани бежиз эмас.
Алишер Навоийнинг АбдураҲмон Жомийга ҳурмати шу даражада баланд эдики, у «Хамса»нинг барча достонларида, шу билан бирга, «Насойимул-муҳаббат», «Мажолисун-нафоис» ва бошқа кўплаб асарларида меҳрибон устозининг эзгу фазилатларини чин дилдан таърифу тавсиф этади. Жомий вафотидан сўнг унга бағишлаб «Хамсат ул-мутаҳаййирин» номли махсус асар яратади.
Ўз навбатида, Абдураҳмон Жомий ҳам Алишер Навоий ижодини юксак қадрлагани тарихий манбалардан яхши маълум.
«Хирадномаи Искандарий» достонида Навоийнинг истеъдоди ва маҳоратига юксак баҳо бериб, «У Низомий Ганжавий ва Амир Хусрав Деҳлавий панжасига муносиб панжа ура олди, ҳатто улардан ҳам ўзиб кетди. Яхшиямки, у ўз асарларини туркий тилда яратди, агар форсийда қалам тебратганида борми, бошқаларга бу майдонда жавлон уриш учун мажол қолмас эди», дея мадҳ этади. Бу эътироф мавлоно Жомий Навоийнинг туркийда ёзган асарларини ҳам мунтазам ўқиб, унга ўз муносабатини билдириб борганидан далолат беради.
Инсоний маслаги ва орзу-интилишлари бир бўлган бу даҳо шоирлар ҳамиша эл-юртнинг дарду ташвишлари билан яшаш, одамлар, элатлар ва халқлар ўртасида аҳиллик ва ҳамжиҳатликни қарор топтириш, юксак фазилатларни тараннум этиш каби эзгу мақсадларни ҳаёт мазмуни деб билганлар.
Агар Алишер Навоий: «Одамий эрсанг, демагил одами, Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами», деб ёзган бўлса, Абдураҳмон Жомий асарларида: «Яхшилик билан ном чиқар жаҳонда, Севиб ёд этсинлар барча замонда», деган олижаноб ғоя устуворлиги ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бу ибратли дўстлик Алишер Навоий вазир ва йирик давлат арбоби сифатида фаолият олиб борган йилларда ҳам изчил давом этди. Бу даврда у устози Абдураҳмон Жомийнинг илтимосларига биноан кўплаб илм ва ижод аҳлига ҳомийлик кўрсатди, истеъдодли ёшларни ўз қаноти остига олди.
Маълумки, Абдураҳмон Жомий 1437 йилда — йигирма икки ёшида Самарқандга келади ва олти йил мобайнида Улуғбек Мадрасасида таҳсил олади. Бу қутлуғ даргоҳда у Қозизода Румий, Али Қушчи, Фазлуллоҳ Абуллайс сингари машҳур мударрислардан турли дунёвий ва диний илмларни пухта ўрганади. Қизғин илмий мунозара ва баҳсларда иштирок этиб, ўзининг ноёб иқтидори билан кенг танилади.
Абдураҳмон Жомий нақшбандия тариқатининг йирик шайхи Хожа Аҳрор Валий билан ҳам дўстона муносабат ўрнатади. Ҳазрат Жомий айнан шайх билан мулоқот қилиш мақсадида кейинчалик яна икки марта Самарқандга келгани, унинг таклифига биноан Тошкент шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгани манбаларда қайд этилган.
Айни пайтда дунё адабиёти ва маданиятини Абдураҳмон Жомийнинг улкан бадиий меросисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Дарҳақиқат, буюк немис мутафаккири Иоганн Вольфганг Гёте ўзининг машҳур «Ғарб ва Шарқ девони» асарида ёзганидек: «Жомий асрлар маҳсулини йиғиб, бутун диний, фалсафий, илмий, насрий, назмий маданият хулосаларини якунлаб берган эди. У мумтоз шеъриятнинг порлоқ юлдузи эди».
Абдураҳмон Жомий асарларини халқимиз ҳамиша севиб мутолаа қилиб келади. Бу ўринда, Алишер Навоийдан бошлаб Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Убайдий, Амирий, Нодира, Увайсий, Мунис, Огаҳий, Муқимий, Фурқат ва Завқий сингари мумтоз адабиётимизнинг йирик вакиллари Жомий ғазалларига мухаммаслар боғлаб, асарларига шарҳлар ёзганини эслаб ўтиш кифоя, деб ўйлайман.
Бугунги кунда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Абдураҳмон Жомийнинг 46 номдаги асарининг 550 дан зиёд қўёзма нусхалари сақланаётгани ҳам шоир ижоди асрлар давомида халқимизнинг бебаҳо маънавий хазинасига айланганидан далолат беради.
Абдураҳмон Жомийнинг улкан фалсафий маънога эга бўлган «Бу бўстонда дўстлар этмаса кўмак, Мушкул эрур мақсад гулини термак», «Булутдай бўлишни айлагил ҳавас, Бирдай баҳраманддир ундан гулу хас», «Устод, муаллимсиз қолса гар замон, Нодонликдан қора бўларди жаҳон», «Мансаб билан баландмас одам, Мансаб одам билан муҳтарам» сингари кўплаб гўзал ҳикматлари халқимиз орасида жуда машҳур бўлиб, асрлар оша эл-юртимизнинг дилида ва тилида яшаб келмоқда.
Шоир қаламига мансуб ғазал ва рубоийлар, достонлар турли даврларда Огаҳий, Ҳабибий, Ғафур Ғулом, Чустий, Улфат, Боқир, Анисий, Шоислом Шомуҳамедов, Назармат, Жонибек Қувноқ, Мирзо Кенжабек, Сирожиддин Саййид, Эргаш Очилов каби таниқли шоир ва таржимонларимиз томонидан юксак маҳорат билан ўзбек тилига ўгирилган ва юртимизда қайта-қайта йирик ададларда нашр этиб келинмоқда.
Атоқли мутафаккир Абдураҳмон Жомий хотирасига юртимизда муносиб ҳурмат кўрсатилиб, айни пайтда бир қанча кўчалар, маҳалла ва кутубхоналар шоир номи билан аталади. Самарқанд шаҳрининг гўзал масканларидан бирида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий сиймолари тасвирланган ҳайкал қад ростлаб турибди.
Бугун Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида, энг аввало қўшни мамлакатлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқца. Ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги улуғ аллома ва адибларимиз бошлаб берган биродарлик анъаналари, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталари бугунги ҳаётимизда янгича мазмун билан бойиб бораётгани айниқса эътиборлидир.
Биз қардош тожик халқи Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон раҳбарлигида ҳозирги мураккаб замонда оғир синовларни енгиб, ҳаётнинг турли жабҳаларида катта муваффақиятларни қўлга киритаётганини юксак баҳолаймиз, дўстларимиз эришаётган ютуқлардан қувонамиз. Зотан, эт билан тирноқдек жипслашиб кетган ўзбек ва тожик халқларини ҳеч қачон бир-биридан айри ҳолда тасаввур қилиб бўлмайди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 1,5 миллиондан ортиқ тожиклар истиқомат қилмоқда. Юртимизда таълим тожик тилида олиб бориладиган 240 га яқин мактаб фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, Самарқанд, Термиз ва Фарғона давлат университетларида тожик тили таълим йўналишлари бўйича олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Уларнинг барчаси тожик тилидаги дарслик ва ўқув қўлланмалари билан таъминланган.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари телерадиокомпаниялари томонидан тожик тилида мунтазам кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилмоқда.
«Овози тожик» республика газетаси, «Овози Самарқанд» вилоят газетаси, «Садои Сўх» туман газетаси тожик тилида нашр этилмоқда. Булардан ташқари, бир қатор туман нашрларида тожик тилида доимий равишда саҳифалар эълон қилинмоқда.
Мамлакатимизда фаол иш олиб бораётган Республика тожик миллий маданий маркази ўз таркибига Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган, Жиззах вилоятлари, Тошкент ва Чирчиқ шаҳарларидаги миллий маданий марказларни бирлаштирган. Тожик халқининг бой тарихи ва маданияти, тили, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш мақсадида самарали фаолият кўрсатаётган ушбу маданий марказлар давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан доимо қўллаб-қувватлаб келинмоқда.
Мустақиллик йилларида 700 нафардан зиёд тожик миллатига мансуб юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлангани ҳам тожик биродарларимизнинг барча соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритиб, эл-юртимизнинг ҳурмат ва эътиборига сазовор бўлиб келаётганидан далолат беради.
Албатта, икки халқ ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда адабий алоқаларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини биз яхши англаймиз. Адабий дўстлик – абадий дўстликнинг энг ёрқин намунаси, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўйлайманки, асрлар оша икки қардош халқ қалбида безавол яшаб келаётган Абдураҳмон Жомий асарларининг ўқувчиларга тақдим этилаётган мазкур янги нашри бу йўлда яна бир муҳим қадам бўлади.
Мен улуғ мутафаккирнинг «Муҳаббат махзани» деб ном олган муҳташам нашрини она тилимизда адабиёт ихлосмандларига тақдим этишни ўзим учун катта шараф деб биламан.
Мавлоно Абдураҳмон Жомий ижодидан гўзал дурдоналар жамланган мазкур китоб ўзбек халқининг яқин қўшнимиз ва дўстимиз бўлмиш Тожикистон халқига, унинг бетакрор адабиёти ва маданиятига, ёруғ келажагига бўлган ҳурмати ва ишончининг ёрқин ифодасидир.

 

Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА