Ўзбекистон: янгиланиш ва модернизация йўлида

Сўнгги бир ярим йилда Тошкентда амалга оширилган улкан ўзгаришларни кўриб ҳайратда қолдик. Эндиликда Тошкент кўчаларида Тожикистон ва Қирғизистон давлат рақамига эга машиналарни учратиш мумкин. Илгари бу ҳатто ақлга сиғмасди. Ёпилган йўллар яна очилиб, одамларнинг узоғини яқин қилмоқда. Бу жадал ривожланаётган Ўзбекистон ҳаётидан айрим мисоллар холос.

Шубҳасиз, бу биз учун мутлақо кутилмаган ҳодиса деб айтолмаймиз. Чунки биз Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонган 2016 йилги Президент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этганмиз. Ўшанда ҳам ўзгаришлар нафаси уфуриб турган эди.

Биз Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимида қатнашиш бахтига муяссар бўлдик. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатни ислоҳ қилишнинг стратегик йўналишларини белгилаб берди. Ўшанда унинг валютани эркин конвертация қилишни жорий этиш, суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, барча мансабдор шахсларнинг ҳисобдорлигини кучайтириш, яқин қўшнилар билан янги ташқи сиёсатни шакллантириш каби ташаббуслари бизни тўлқинлантириб юборганини яхши эслайман.

Бироқ, бунинг учун эзгу мақсадларнинг ўзи кифоя эмас. Дунё тажрибасидан маълумки, модернизацияни мустаҳкам қонунчилик асоси, жамоат ва давлат аппаратининг ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги кучларини бирлаштирмасдан туриб буларни амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам Ғарбда кўпчилик хулоса чиқаришга шошилмай, кейинчалик нима бўлишини кузатишни афзал кўрди.

Кўп йиллардан буён Ўзбекистонни тадқиқ қилиш билан шуғулланаётган биз, америкалик экспертлар учун Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ўзгаришларнинг боришини «қайд этиш» муҳим эди. Тан олиш керак, бу осон бўлмади, чунки Ўзбекистондаги ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олди. Айрим ташаббуслар қонунчилик ҳужжатлари, айримлари Президент фармонлари, бошқалари амалий ўзгаришлар шаклида ҳаётга татбиқ этилгани муайян қийинчилик туғдирди. Лекин Тошкентдаги дўстларимиз туфайли янги ҳукумат томонидан чиқарилган барча ҳужжатлар тўғрисида маълумот олдик.

Барча жиҳатларни астойдил ўрганиб чиқиб, шуни ишонч билан айта оламизки, Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилинган қарорлар ҳақиқатан ҳам жаҳондаги барча стандартларга жавоб берадиган дадил ва қатъий ислоҳотлар дастурини ифода этади.

Буни эътироф этган ҳолда, «Ўзбекистоннинг янги қиёфаси» деб номланган китоб чиқаришга қарор қилдик. Мақсадимиз оддий эди. Биз шунчаки Ғарб ўқувчилари учун Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясининг муҳим жиҳатларини очиб бермоқчи эдик.

Асосий мақсадимиз хориж аудиторияси учун ислоҳотларнинг ўзига хос шарҳини ёзиб бериш бўлиб, китоб ўқувчиларга мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларни баҳолаш, Ўзбекистон қаерга ва қай тарзда ҳаракатланаётганини тушунишга ёрдам беришини истаган эдик.

Ғарбда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришларни яхшироқ англашлари ғоят муҳим. Фикримизча, у ерда ҳукумат ва халқ ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаётган, ташқи ва ички сиёсатдаги эски ёндашувларни изчил тузатишга олиб келаётган жараёнлар моҳиятини тўлиқ англаб етмаяпти.

Ташриф давомида биз биринчи қўлдан, яъни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазиридан мамлакатдаги Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот олишга муваффақ бўлдик. Муҳташам бинода жойлашган Фанлар академияси Шарқшунослик институти, таълим стандартларини оширишга қаратилган ўта муҳим ўзгаришлар рўй бераётган Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бўлдик.

Талаба ва олимлар билан суҳбатлашиб, Ўзбекистон ёшлари ислоҳотларнинг барча йўналишларини қўллаб-қувватлаётганига амин бўлдик. Бундан ташқари, ёш авлод ушбу жараённинг бевосита иштирокчиси бўлишга интилмоқда.

Орадан бир ярим йил ўтиб Тошкентга яна қадам қўярканмиз, бу ердаги улкан ислоҳотлар дастури истиқболларини қандай баҳоламоқдамиз? Таассуротларимиз илмий исботлар ўрнини боса олмайди, албатта. Лекин ўзбекистонлик ёш ишбилармонлар бир йил аввал амалга оширишнинг имкони ҳам бўлмаган лойиҳалар устида ишлаётганини айтганда жуда ҳайратландик. Такси ҳайдовчиси меваларни Қозоғистонга экспорт қилиш учун ҳамкор қидираётган акаси, дўкон соҳиби Фарғона водийсининг Тожикистон билан чегарадош ҳудудидаги қариндошлари билан дийдор кўришгани ҳақида сўзлаб берди.

Албатта, ҳеч нарса бир зумда ўзгармайди. Бизга тасодифан учраган бир кекса одам эски одатлардан қутулиш осон бўлмаслигини таъкидлади.

Олган таассуротларимиз асосида келажакни башорат қилишнинг иложи йўқ. Бироқ биз мулоқот қилган одамларнинг барчаси ижобий кайфият билан яшаётгани нафақат кишининг завқини келтиради, балки кўп нарсадан далолат беради ҳам. Албатта, бундай умид учун асос бор.

Ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, барча ислоҳотлар Ўзбекистон раҳбариятининг бир лаҳзалик шижоати эмас, пухта ўйланган лойиҳаси бўлганини англаб етдик. Ислоҳотлар бошлангани иложсизлик аломати эмас, балки кудрат белгиси эканини ҳам таъкидлаш зарур. Ўзбекистонга қўшни барча мамлакатлар ислоҳотлар дастурини ёқлаб, Тошкент туфайли эришилган янги минтақавий сиёсатни қабул қилмоқда.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ташаббуси билан яқинда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеяси резолюцияси Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. БМТнинг бу қарори Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий муаммоларни мустақил равишда ҳал қилишга тайёр экани, ушбу ҳудуд буюк давлатлар учун рақобат майдони эмас, балки ҳамкорлик минтақасига айланганини кўрсатмоқда.

Энг асосийси, биз ҳозирги кунда бизнес соҳасида ва ҳукуматда масъул лавозимларни эгаллаб турган ўзбекистонлик ёшларнинг аксарияти билан шахсан танишмиз. Бу бизга Ўзбекистон ва, умуман, бутун Марказий Осиё минтақаси келажаги хусусида ишонч ва некбинлик билан сўз юритиш имконини беради.

Фредерик СТАРР,
Америка ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги
Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси.
 
Сванте КОРНЕЛЛ, 
Америка ташқи сиёсат кенгашининг
Евроосиё масалалари бўйича катта илмий ходими.

 

ЎзА