11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни

Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис Сенати вакиллари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, ҳамкор вазирлик, идора ва ташкилотлар, халқаро ташкилотлар, Халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, хорижий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбар ва мутасаддилари, Ўзбекистон касаба уюшмалари фахрийлари ва фаоллари ҳамда турли соҳада фаолият кўрсатаётган меҳнаткашлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланган тантанали байрам тадбири ёш истеъдодлар ижросидаги Ватан, тинчлик, меҳнаткашлар ва халқлар дўстлигини мадҳ этувчи композиция билан давом этди.

Тантанали тадбирда Президентимиз ташаббуси билан жамият ҳаётининг барча жабҳаларида бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ҳамда янгиланишлар, уларнинг салмоқли натижалари алоҳида таъкидланди. Хусусан, ўтган қисқа вақт ичида халқимиз  фаровонлигини ошириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида юқори поғонага кўтариш борасида салмоқли натижаларга эришилгани, ушбу ютуқлар бугун жамият ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлаётгани қайд этилди.

Инсон қадри учун амалга оширилаётган улкан ва тизимли ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари ва қўлга киритаётган натижалари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак эътирофга сазовор бўлмоқда.

Янгиланишлар, аҳолининг турли тоифалари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ташаббускорлиги ортиб, янги марралар сари олға интилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик учун яратилган кенг имкониятлар натижасида мамлакатимиз касаба уюшмалари фаолияти янги ривожланиш босқичига кирди. Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари юртимиздаги ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлардаги фаолликни янада ошириб, турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Ушбу жамоат ташкилоти ахборот хизматига кўра, бугун халқ ташкилотига айланган касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида имзоланган Бош жамоа келишуви, амалдаги 102 та тармоқ келишуви ҳамда 118 мингга яқин жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига иш берувчилар томонидан риоя этилиши бўйича жамоатчилик назоратини олиб бормоқда. Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 минг 95 та ташкилотда жамоатчилик назорати амалга оширилди.

Келиб тушган 4 минг 20 та мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 62 минг 656 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига қарийб 61,5 миллиард сўм маблағ ундириб берилди. 2023 йилнинг ўзида кичик бизнес субъектлари ва хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 311 минг нафар, 2024 йилнинг 9 ойи давомида эса қарийб 13 мингга яқин корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 323 минг нафарга яқин ходим касаба уюшма аъзолигига жалб этилди.

Касаба уюшмаларининг ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш йўналишидаги ишлари ҳам сифат ва миқдор жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтган йил Сурхондарё вилоятидаги тоғлар бағрида янги ва замонавий “Сангардак” санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда Хоразм вилоятида халқаро стандартларга мос бўлган 200 ўринли “Хонқа” санаторийси қурилиб, меҳнаткашлар ихтиёрига топширилди.

Бу каби бунёдкорлик ишлари натижасида 2017 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторий ва дам олиш уйларида мавжуд 5 минг 257 та ўрин сони бугунга келиб 7 мингтага етказилди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида янгидан бунёд этилаётган санаторийлар ва улардаги хизмат кўрсатиш даражаси сифат жиҳатидан нафақат маҳаллий, балки халқаро экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.

Санаторийларда жорий йилнинг шу бугунига қадар 160 минг нафардан ортиқ аҳоли соғломлаштирилди. 190 та стационар турдаги оромгоҳда эса қарийб 162,5 минг нафар бола дам олдирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали тадбирда Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ва касаба уюшмалари фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром нишони” билан тақдирланди. Совриндорларга “Эҳтиром” нишони, пул мукофоти ва гувоҳномалар топширилди.

Шундан сўнг кўп йиллик самарали меҳнати, эришган алоҳида ютуқлари билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз ва халқаро ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофотининг 2024 йилги совриндорларига ушбу мукофот тантанали равишда топширилди.

Касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштиришга салмоқли ҳисса қўшаётган юртдошларимиз қаторида Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси директори Мария Хелена Андре, Грузия касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Ираклий Петриашвили, “Turk-iş” (“Турк иш”) касаба уюшмалари Конфедерацияси президенти Эргун Аталай ҳам “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофотига сазовор бўлди.

Назокат Усмонова, Аслиддин Алижонов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА