Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.

Унда парламент аъзолари, Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари иштирок этди.

“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонун 1997 йилда қабул қилинган бўлиб, унинг кўпгина нормалари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Президент Шавкат Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифалар, ўзгариб бораётган шарт-шароит ва стандартлар уни янги таҳририда қабул қилишни тақозо этмоқда.

“Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонуннинг янги лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган. Бугунги кунда Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси уни иккинчи ўқишга тайёрламоқда.

Йиғилишда янги қонундан кўзланган мақсадлар, унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди, лойиҳани маромига етказиш бўйича таклиф ва тавсиялар кенг муҳокама қилинди. Лойиҳани иккинчи ўқишда муҳокама қилиш учун тез кунда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисига киритиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА