Ўзбекистоннинг жаҳон майдонида янгиланган имиджини шакллантиришда янги босқич

С.Сафоев
Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенати 
раисининг биринчи ўринбосари
Аввал хабар қилинганидек, 26 июль куни Вашингтон шаҳрида диний эркинликларни қўллаб-қувватлашга бағишланган нуфузли халқаро форум бўлиб ўтди. Унда 80 мамлакатдан 600 нафардан ортиқ ташқи сиёсий идоралар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, диний етакчилар ва фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этди. Ушбу тадбир кенг халқаро жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларининг диққат-эътиборатида бўлди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари анжуман иштирокчиларга мамлакатимизда диний эркинликлар, конфессиялараро тинчлик ва тотувликни таъминлаш борасида қўлланилаётган янги ёндашувлар тўғрисида батафсил маълумот етказди. Ушбу соҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётининг барча жиҳатларига дахлдор бўлган кенг миқёсли ислоҳотлар дастурининг муҳим ва узвий йўналишларидан бири экани алоҳида таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг маърифатли ислом ғояларини тарғиб қилиш, Ўзбекистонда Имом Буҳорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ислом академиясини ташкил этиш борасидаги ташаббуслари тўғрисидаги ахборот катта қизиқиш билан тингланди.
Эътиборлиси, Ўзбекистон мазкур форумда дин эркинлиги каби инсоннинг фундаментал ҳуқуқини изчил таъминлаётгани учун юксак баҳога сазовор бўлган ягона мамлакат бўлди.
АҚШ Давлат котиби М.Помпео форум очилишида эътиқод эркинлиги тараққий этган мамлакатда ривожланиш бўлишини таъкидлаб, “Ўзбекистон бунга мисолдир, биз Ўзбекистон томонидан янада эркин жамият барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қутлаймиз”, деб алоҳида қайд этди.
АҚШ ташқи сиёсий идораси раҳбарининг фикрича, Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти томонидан бундай нозик соҳада олиб борилаётган сиёсат муҳим халқаро аҳамиятга эга. “Биз Ўзбекистонда диний эркинликлар масалаларида қабул қилинган қарорлар мамлакатга, унинг жамоатчилигига ҳамда бутун минтақага изчил ижобий таъсир кўрсатишига қатъий ишонамиз”, деди М.Помпео.
Анжуманда бугунги кунда жаҳонда диний эркинликларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги тўғрисида кўп сўз юритилди. Эътиқод эркинлиги инсоннинг асосий ҳуқуқи экани, ушбу ҳуқуқ бузилган жойда радикаллашув ва зўравонлик юзага келиши таъкидланди. Шу билан бирга, форумда келтирилган маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 83 фоизи эътиқод эркинлиги чекланаётган ёки хавф остида қолган мамлакатларда истиқомат қилмоқда.
Ўзбекистон делегациясининг конференцияда иштироки доирасида АҚШ Миллий матбуот клубида “Ўзбекистонда диний эркинликларнинг янги даври” мавзуида махсус брифинг ташкил этилди. Брифинг оммавий ахборот воситалари ва экспертлар ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир иштирокичларига мамлакатимизда диний эркинликларни таъминлаш ва маърифатли ислом ғояларини тарғиб қилиш, жамиятнинг дунёвий ҳусусиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида кенг ахборот тақдим этилди. Ўзбекистонда 140 миллат ва 16 конфессия вакиллари тинч-тотув бўлиб истиқомат қилаётгани, улар мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётгани қайд этилди.
Брифингда сўзга чиққа Глобал жалб этиш институти президенти Ж.Чен бугунги кунда турли мамлакатлар вакиллари асосан диний таъқиблар кучайиб бораётгани ва бутун дунёда эркинликлар чекланаётганини билдираётганини таъкидлади. Бундай шароитда мазкур соҳада “Ўзбекистон ягона умид учқуни ва ҳушхабарлар манбаига айланмоқда”, деди у.
Оқ уй вакили Ж.Колберт брифингда “Шавкат Мирзиёев Президент лавозимидаги фаолиятини бошлаганидан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, болалар меҳнатига барҳам бериш, ижтимоий адолатни таъминлаш йўлидаги ислоҳотларни амалга ошириш ва жамиятни янги ғоялар сари илҳомлантиришда улкан муваффақиятларга эришди”, деб таъкидлади. Унинг айтишича, 2018 йилги Ўзбекистон эътиқод эркинлигини таъминлаш каби комплекс масалани ҳал қилиш учун сиёсий иродага эга давлат модели бўлиб хизмат қилади.
«Ушбу янгиланишлар нафақат мустаҳкам ижтимоий барқарорлик, балки республиканинг Америка бизнеси учун инвестицион жозибадорлигини оширишга имкон бермоқда”, деб алоҳида қайд этди Ж.Колберт.
Бу фикрни таниқли сиёсат арбоби, Диний эркинликлар соҳасидаги алоҳида топшириқлар бўйича элчи С.Браунбэк ҳам тасдиқлади. Унинг фикрича, инвестицияларни жалб этиш билан боғлиқ кўплаб муаммолар, аввало, компаниялар инсон ҳуқуқи бузилаётган мамлакатларда бизнес юритиш орқали ўз обрўсига зарар етказишдан ҳайиқиши билан изоҳланади. “Янги Ўзбекистон қиёфаси” шаклланаётган бугунги кунда АҚШ ва бутун дунё ишбилармон доираларини мамлакатга жалб этиш учун мисли кўрилмаган имкониятлар вужудга келди, дейди у.
«Айнан бугун АҚШ капитали бозорларига чиқиш ва маблағларни жалб этишда фаол иштирок этиш фурсати келди», деб таъкидлади С.Браунбэк.
Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси К.Лэмм ушбу фикрни тасдиқлар экан, бўлиб ўтган суҳбатда Ўзбекистон Республикаснинг дин эркинлиги масалалари бўйича илк конференцидаги иштирокига юксак баҳо берди. Унинг айтишича, Ўзбекистон Республикасининг ушбу муҳим халқаро форум ишида иштирок этиш учун таклиф этилгани, маърузаларда айнан Ўзбекистан ушбу соҳада ислоҳотлар амалга оширишнинг ижобий мисоли сифатида тилга олингани “мамлакат рейтингини оширишда устувор аҳамиятга эга ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиши, шу жумладан инвестицион жозибадорлигининг ортишига албатта ижобий таъсир кўрсатади”.
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг диний эркинликлар бўйича илк бор ўтказилган бу каби халқаро конференцияда иштироки мамлакатимизнинг халқаро майдонда янги қиёфаси шакллангани ҳамда мамлакатимизда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлади.

 

ЎзА