Болаларни онлайн муҳофаза қилиш Еврокомиссия кун тартибига қўйиларкан, Европа Иттифоқи махфийликни ҳимоя қилган ҳолда фойдаланувчилар ёшини қандай қилиб аниқ назоратга олиш мумкинлиги ҳақида бош қотирмоқда.

Шу ой Францияда онлайн ёшни текшириш ва турли 18+ сайтларни тақиқлаш бўйича янги кўрсатма чиқди ва сўнгги кунларда ЕИ вояга етмаганларни муҳофазасини “биринчи навбатдаги вазифа” этиб белгилади. Ҳозирча ёшни текшириш масаласи кўтарилиб, ушбу муаммони 2026 йил интернетга уланиши режалаштирилган ҳамён билан ҳал қилиш режалаштирмоқда.

Европа Иттифоқига аъзо 27 давлат ҳозир ёшга доир қоида белгилашда эркин. Яъни, ҳозирча бу борада маълум стандарт йўқ.

Тез кунда Испанияда катталар веб-сайтига кирмоқчи бўлганлар камида 18 ёшдалигини исботлаши, кириш ҳуқуқини қўлга киритиш учун миллий ID ҳисоб маълумотини ёзиб оладиган “Cartera Digital Beta” ҳамёнидан фойдаланиши лозим бўлади. Маълумот махфийлигини сақлашга жиддий эътибор қаратилган ҳолда ишлаб чиқилган тизим дастлаб фақат мамлакатда рўйхатдан ўтган веб-сайтлар учун амал қилади.

2025 йилдан бошлаб Италияда ҳам “Кайвано қарори” деб аталувчи лойиҳа ишга тушади ва фойдаланувчилардан беҳаё ёки қиморни тарғиб қилувчи сайтларга киришда ёшни текшириш учун SPID миллий рақамли идентификация тизимидан фойдаланиш талаб қилинади.

Айни пайт Францияда “Ҳа, мен 18 ёшдан ошганман” ёки “Йўқ, мен 18 ёшдан кичикман” каби сўровномаларни тўлдириш лозим. Октябрь ойида мамлакатнинг Аудиовизуал ва рақамли алоқани тартибга солувчи идораси болалар шахсий ҳаётини таъминлаш билан бирга онлайн режимини ҳимоя қилишга мўлжалланган янги кўрсатма жорий этди. Бунда ота-она назорати дастури орқали катталар веб-сайтини аниқлашни такомиллаштириш ва юзни таниб олиш асосида фойдаланувчи ёшини баҳолаш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланилади. Дарвоқе, яқинда ушбу давлатда хорижий 18+ веб-сайтлар ёшни текширишнинг минимал талабига ҳам жавоб бермагани учун ёпилган эди.

Ирландияда “Болаларни ҳимоя қилиш” қонуни лойиҳаси ҳозир парламентда муҳокама қилинмоқда. Агар ҳужжат тасдиқланса, катталар учун контент тақдим этувчи сайтлар ва иловалардан фойдаланувчининг ёшини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилина бошлайди.

Ёшни текшириш тизимини соддалаштириш

ЕИ вояга етмаганларни “онлайн хуруж”дан ҳимоя қилиш учун ёш “верификацияси” тизимини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Келаси йил февраль ойида тўлиқ кучга кирадиган Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун ва Аудиовизуал медиа хизмат тўғрисидаги директива вояга етмаганларни зарарли контентдан ҳимоя қилишга қаратилган. Маълумотни асраш бўйича умумий қоидалар эса шахсий сир хавфсизлигини таъминлайди. Айни пайт ЕИ кенгашида муҳокама қилинаётган “Болаларни жинсий зўравонликка тарғиб қилувчи материаллар” тўғрисидаги тавсия этилган регламент ҳам, агар тасдиқланса, онлайн контентни керакли даражада чеклай олади.

Европа Иттифоқи расмийси ой бошида журналистларга ЕИ рақамли ҳамёнини яратиш режаси болаларни онлайн ҳимоя қилиш учун ишлаб чиқилганини айтди.

Ҳамён иловаси фойдаланувчининг ҳайдовчилик гувоҳномаси, кредит картаси ва бошқа ҳужжатларни бир жойда жамлайди. Бу эса фойдаланувчидан аниқ ёшини тасдиқлаш ёки маълум бир ёш оралиғида эканини исботлашни талаб қилади. “Бу мажбурий эмас, аммо COVID сертификати каби, стандартга айланади”, деди расмий.

Мусулмон Зиё, ЎзА