Хитойнинг уч кишилик экипаж бошқарувидаги фазовий кемаси олти соатдан ортиқ давом этган парвоздан сўнг ерга муваффақиятли қўнди. Коинотга сафар қилган ёшлардан иборат жамоа таркибида мамлакатнинг биринчи аёл космик муҳандиси ҳам бор эди.

Пекин 2030 йилгача Ойга ўз фуқаросини жойлаштириш бўйича якуний миссия учун тажриба тўпламоқда. Махсус экипаж маҳаллий фазо станциясидан олти ой давомида синов ўтказиш ва самога кўтарилиш учун база сифатида фойдаланади.

Пекин “Шенжоу-19” парвози “тўлиқ муваффақиятли ўтди” деб эълон қилди. Бу ХХРнинг асосий рақиби Қўшма Штатлардан фазони ўрганиш бўйича ўзиб кетиш режасига киритилган рекорд даражадаги 100 космик амалиётдан биридир.

– Осмонга ўрлаган ракета алангасининг ёғдуси Гоби чўлини ёритиб, шовқини кишини кар қиладиган даражада гумбурлади, – деб ёзди жараёнда қатнашган BBС мухбири. – Парвоз пайти юзлаб одамлар кўчада саф тортди, астронавтлар исми ёзилган баннерларни кўтариб, ҳайқиришди.

Икки йил олдин ХХР Раиси Си Цзиньпин “кенг коинотни ўрганиш, космик саноатни ривожлантириш ва Хитойни фазовий давлатга айлантириш бизнинг абадий орзумиз”, деганди.

Жорий йил бошида НАСА раҳбари Билл Нельсон АҚШ ва Хитой Ойни эгаллаш учун “пойга” қилаётганини таъкидлади ва Пекиннинг самовий ҳудудлар билан боғлиқ даъволаридан жиддий хавотир билдирди.

Мусулмон Зиё, ЎзА