1923 йил 24 июлда Лозанна шартномаси имзолангандан сўнг Туркия мустаққиллиги тан олинган эди. Шу йил 25 октябрда ҳукумат истеъфо берди ва мамлакатда сиёсий инқироз бошланди. Ушбу вазиятдан Мустафо Камол Отатурк фойдаланди. 29 октябрь куни мамлакат расман республика сифатида эълон қилинди, Яширин овоз беришда барча 158 депутат Отатуркни мамлакатнинг биринчи президенти этиб сайлади. 1925 йил 19 апрелда Туркия парламенти 29 октябрни миллий байрам этиб белгилади.

Туркия Республикаси унитар давлат ҳисобланади, ҳудудининг 97 фоизи Ғарбий Осиёда, 3 фоизи Жанубий Европада. 783 562 квадрат/километрни ташкил этадиган бу майдон йириклиги бўйича дунёда 19-кўрсаткич. Аҳоли сонига кўра, Туркия 36-ўринда. Мамлакат 14 давлат билан чегарадош.

Туркия тез ва барқарор ривожланаётган иқтисодиётга эга саноатлашган давлат. 1952 йилдан НАТО, 1949 йилдан Европа Кенгаши аъзоси, 1999 йилдан буён Европа Иттифоқига аъзолик учун расмий номзод.

Туркияда байрамлар кўп, лекин халқ 29 октябрь – Республика кунини ҳақиқий умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлайди. Кўчаларда байрамона намойишлар, концерт ва бошқа ҳар хил томошалар уюштирилади, самода юзлаб самолёт парвоз қилади.

Ўзбекистон ва Туркия ўзаро ишонч тамойилига амал қилган ҳолда, ўзаро муносабатни турли соҳаларда ривожлантириб келмоқда.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил октябрда Туркияга ҳамда Президент Режеп Таййип Эрдоғаннинг 2018 йил апрелда Ўзбекистонга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ўзаро сиёсий ишончни мустаҳкамлаб, самарали ҳамкорликка кенг йўл очди. Таъкидлаш жоиз, ушбу учрашувлар мавжуд муносабатларда янги даврни бошлаб берди. 2018 йил давлат раҳбарлари томонидан ўзаро ҳамокрликни стратегик даражага олиб чиқиш бўйича Қўшма баёнот қабул қилиниб, Ўзбекистон – Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши тузилди.  2020 йил 19 февраль куни Анқара шаҳрида мазкур кенгашнинг олий даражадаги биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Президентлар ҳамраислигида фаолият олиб бораётган тузилма тили, дини ва қадриятлари умумийлик касб этган икки қардош юрт муносабатларини сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга олиб чиқди, десак муболаға бўлмайди. Бинобарин, ушбу ҳужжат сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновация, соғлиқни сақлаш каби ўзаро манфаатли кўплаб соҳаларда шерикликни ривожлантириш стратегиясини белгилаб берди.

– Бу учрашув стратегик шериклигимиз юксак босқичга кўтарилганининг яққол ифодасидир, – деган эди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Кенгаш мажлисида.

Ўшанда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған давлатимиз раҳбарини Анқарага ташрифи билан қутлаб, мамлакатларимиз парламентлари, давлат идоралари ва ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирган, қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлаганди.

Орадан икки йил ўтиб – 2022 йил 30 мартда Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Ўзбекистон етакчиси журналистлар учун уюштирилган брифингда яна бир бор турк қардошларимиз биздан минглаб километр олисда яшаётган бўлсалар-да, тилларимиз ва дилларимиз ниҳоятда яқин эканини таъкидлаб, тарихий илдизларимиз бирлиги, бугунги орзу-интилишларимиз муштараклигини алоҳида қайд этди.

Сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми 2,5 баробар, қўшма ширкатлар сони 5 карра ортди, Туркиядан Ўзбекистонга киритилган инвестиция миқдори 70 марта кўпайди.

Музокаралар чоғида сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт, тўқимачилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, маданий-гуманитар соҳаларга оид масалалар батафсил кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, мамлакатларимиз раҳбарлари турли форматларда мунтазам учрашиб келмоқда. Ўзаро мулоқотларда мавжуд ришталарни янада мустаҳкамлаш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳкама қилиб келмоқда. Шубҳа йўқки, бундай мулоқотлар натижасида қабул қилинаётган қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатига хизмат қилади.

Саидмурод Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси