Италиянинг “Agenzia Nova” нашри Римдаги Италия халқаро ташкилотлар жамияти – “Sioi” қароргоҳида Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев ташаббуси билан ўтказилган “Ўзбекистонда сайловлар ва сиёсий ислоҳотлар” мавзусидаги тадбирни ёритди.

Учрашув кун тартибидаги асосий мавзу италиялик таниқли эксперт, Марказий Осиё бўйича геосиёсий таҳлилчи Фабио Индеонинг мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва юртимизда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар ҳақида тайёрланган тақдимоти бўлди.

– Ички институционал ислоҳот мамлакатга ташқи сиёсат стратегиясини амалга оширишда ёрдам беради ва бу жараён турли жабҳаларда самара беради, – дейди мутахассис. – Ўзбекистонда 2016 йил Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келиши билан минтақавий ва халқаро ташқи сиёсатга янгича ёндашув илгари сурилди. Аҳолиси минтақада энг кўп, ўзига хос стратегик жойлашувга эга мамлакат Марказий Осиёда “фаол дипломатия”ни қўллаб-қувватламоқда.

Президент ташқи сиёсатининг тўрт устуни бошқа давлатлар ички ишига аралашмаслик, ҳудуддаги ҳарбий ташкилотларга қўшилмаслик, халқаро тузилмаларда фаол иштирок этиш ва Марказий Осиё – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон, Тожикистонга алоҳида эътибор қаратишдан иборат. Минтақа Ўзбекистон учун устувор йўналиш ҳисобланади. Дават етакчиси қўшни ва қардош ўлкалар раҳбарлари ўртасида мулоқот ва ишончни, савдо ва алоқа лойиҳаларини рағбатлантиришга ҳаракат қилиб, чегаралар ва сув ресурсларини бошқариш билан боғлиқ рақобат, шунингдек умумий ишончсизликни енгиб чиқа олди. Масалан, Мирзиёев илгари сурган Қозоғистон билан бирга Озарбайжонда тоза энергияни ишлаб чиқариш ва тарқатиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзолангани, Афғонистон билан нафақат хавфсизлик, балки турли соҳаларни қамраб олган мутлақо янгича муносабатлар фикримизни яққол исботлайди. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари ва минтақалари билан истиқболли +5 формати ҳам самарали платформа сифатида намоён бўлмоқда.

Италия билан ўзаро муносабатда муҳим саналган хавфсизлик, маданият, энергетика каби  йўналишлардаги алоқалар билан боғлиқ долзарб мавзусни эса Италия-Ўзбекистон Савдо палатаси (Ciuz) президенти Жоржио Веронези давом эттирди.

– Тижорий ҳамкорлик муҳандислик, банк-молия, тўқимачилик сингари кўплаб тармоқларда ривожланмоқда, – деди у. – Умуман, республикага сармоя киритиш учун сабаб кўп: ялпи ички маҳсулот ўсиб бораётгани, сиёсий барқарорлик ва келажакни аниқ тасаввур этиш, табиий ресурслар мавжудлиги, аъло даражадаги қишлоқ хўжалиги ва жуда ёш аҳоли.  Қўшма корхоналар очиш учун улкан салоҳият мавжуд. Яъни, Италия техника ва кўникмани Ўзбекистондаги мавжуд ресурслар ва ишчи кучи билан бирлаштириши жуда фойдали бўлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА