Тошкент шаҳрида 31 июль куни Ўзбекистон ва Япония ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан «Япония – Ўзбекистон Буюк ипак йўли» фондининг ташқи савдо, инвестициялар ва инфратузилма бўйича ишчи гуруҳи раиси Мамору Секияма бошчилигидаги Япония делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди. Унда икки мамлакат ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, энергетика, сайёҳлик, автомобилсозлик, қурилиш, геология, кимё, енгил саноат, текстиль, электрон маҳсулотлар ишлаб чиқариш, фармацевтика, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, «Япония – Ўзбекистон Буюк ипак йўли» фондининг ташқи савдо, инвестициялар ва инфратузилма бўйича ишчи гуруҳи раиси, «Marubeni» корпорацияси маслаҳатчиси Мамору Секияма ва бошқалар Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидлади.
Мамлакатларимиз ўртасида 2002 йилда имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот ўзаро муносабатларнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётир.
Ўзбекистоннинг тобора ривожланаётган иқтисодиёти, бизнес юритиш учун яратилган кенг имконият ва преференциялар, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик чет эллик ишбилармонлар, жумладан, япониялик тадбиркорларнинг мамлакатимиз билан фаол ҳамкорлик қилишга қизиқишини оширмоқда. Бизнес-форумда Япониядан 50дан зиёд компания ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этаётгани, улар орасида «Marubeni Corporation», «Shimizu Corporation», «Japan Tobacco», «Kawasaki Heavy Industries», «Sakai Heavy Industries» каби йирик компанияларнинг истиқболли ҳамкорлик бўйича масъул вакиллари борлиги фикримиз тасдиғидир.
Япония Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан. Бугунги кунда мамлакатимизда Япония сармояси иштирокида ўнта қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Улар асосан нефть, газ, кимё саноати, энергетика, машинасозлик ва муҳандислик ускуналари ишлаб чиқариш, транспорт ва логистика хизматлари кўрсатиш, савдо операциялари, сайёҳлик каби соҳаларга ихтисослашган. Юртимизда кунчиқар мамлакатнинг ўн беш етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган.
Тадбирда япониялик ишбилармонлар Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, нефть-газ, кимё саноати, электр техникаси, ахборот-коммуникация технологиялари каби соҳалардаги ҳамкорлик имкониятлари билан таништирилди. Томонлар мамлакатимизга сармоя киритишнинг истиқболли йўналишлари, бизнес юритиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, солиқ ва божхона имтиёзлари бўйича ўзаро фикр алмашди.
– Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар, сармоядорлар учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилгани инвестициялар оқимини оширишда муҳим аҳамиятга эга, – деди Япония парламенти қуйи палатаси депутати Кейсукэ Сузуки. – Мазкур форум ўзаро ҳамкорлигимизнинг янги қирраларини кашф этиш, фойдали келишувларга эришиш ва алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишига ишонамиз.
Анжуманда икки мамлакат ўртасида ёқилғи-энергетика мажмуалари соҳасидаги сармоявий ҳамкорлик, экологик тоза технологияларни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш соҳаларида манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга оид масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Япониялик экспертлар иштирокида газ ишлаб чиқаришда самарали технологияларни қўллаш, йўл инфратузилмасини яхшилаш, соғлиқни сақлаш ва тиббий хизматлар кўрсатишда замонавий ёндашувлар, халқаро туризм каби мавзуларда маърузалар тингланди. Бу борада Япония тажрибасини ўрганиш масалалари ҳақида сўз юритилди.
Саноат кооперацияси соҳасида истиқболли йўналишларни биргаликда амалга ошириш масалалари юзасидан ташкил этилган музокараларда икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, кўплаб етакчи бизнес вакиллари қатнашди. Унда ишбилармонларнинг ташрифларини ташкил қилиш, ҳамкорликнинг барча соҳаларида қўшма тадбирлар ўтказиш, икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Улуғбек Шоназаров, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА