Футбол бўйича Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг ғарбий минтақасида учинчи тур учрашувлари якунланди.

Мусобақанинг  “А” гуруҳидан жой олган   “Равшан” ва “Трактор” жамоалари баҳсида 1:3 ҳисоби қайд этилди. Мазкур мусобақада “Моҳун Баган” клуби иштирок этмаётгани боис “Ал-Вакра” ушбу турда дам олди. Мазкур натижалардан сўнг “Трактор” клуби 6 очко билан гуруҳда яққол пешқадамга айланди. Бир мағлубият ва ғалаба қайд этган “Ал-Вакра” жамоаси эса 3 очко билан иккинчи ўринда қолди.  “Равшан” эса ҳамон очкосиз қолмоқда.

Энди тўртинчи турда “Трактор” – “Равшан” ўртасида жавоб ўйини ўтказилса, “Ал-Вакра” яна дам олади.

“B” гуруҳида “Ал-Тавун” ўз майдонида “Алтин Аср”ни  2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. “Ал Қува Ал-Жавия” эса ўз майдонида “Ал-Халдия” клубига 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, “Ал-Тавун”, “Ал-Халдия” ва “Ал Қува Ал-Жавия” жамоалари ҳисобидаги очколар сони 6 тага етди. Фақатгина “Алтин Аср” 3 ўйинда мағлуб бўлиб, гуруҳ аутсайдери бўлиб турибди.

4-турда   “Алтин Аср” – “Ал-Тавун”, “Ал-Халдия” – “Ал Қува Ал-Жавия” жамоалари беллашуви ўтказилади.

“С” гуруҳида “Шаржа” учинчи тур доирасида “Сепаҳон” клубини қабул қилди ва 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.  “Истиқлол” эса “Ал-Веҳдат”га қарши ўтган ўйинда 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Қайд этилган ушбу натижалардан сўнг, гуруҳда “Ал-Веҳдат” ва “Шаржа” бир хил 7 очко билан гуруҳдаги юқори поғоналардан ўрин олди. “Сепаҳон” эса 3 очко тўплаган ҳолда учинчи ўринни банд этди. “Истиқлол” жамоаси эса мусобақадаги омадсиз юришини бу турда ҳам давом эттирди.

Бу гуруҳдаги тўртинчи тур баҳсларида   “Ал- Веҳдат”– “Истиқлол”, “Сепаҳон”– “Шаржа” жамоалари баҳсига гувоҳ бўламиз.

Осиё чемпионлар лигаси 2-мусобақасининг “D” гуруҳидан ўрин олган  «Ал Ҳусайн» – «Насаф» жамоалари ўртасидаги ўйин 2:1 ҳисобида якунланган бўлса, “Шабаб Ал-Аҳли” 4:1 ҳисобида “Кувайт СК”ни таслим қилди.  Шу тариқа,  “Шабаб Ал-Аҳли” ва «Ал Ҳусайн» ўз очколарини 6 тага етказган ҳолда гуруҳ пешқадамига айланди. “Насаф” эса 4 очко билан учинчи ўринга жойлашди. “Кувайт СК” уч ўйиндаги мағлубият эвазига сўнгги поғонада қолди.

Гуруҳдаги тўртинчи тур учрашувларида ушбу жамоалар яна ўзаро ўйин ўтказади. Ушбу баҳсларнинг ўтказиладиган жойи ўзгаради холос.

Мусобақанинг 4-тур ўйинлари 5-6 ноябрь кунлари ташкил этилади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА