Нукус шаҳрида Бердақ номидаги Қорақалпоқ адабиёти тарихи музейи қошида “Қорақалпоқ этно овули”нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Буюк аждодларимизнинг ватанпарварлик ва тараққийпарварлик тўғрисидаги бой маънавий-маърифий меросини ёшлар онгига сингдириш борасида умуминсоний қадриятларнинг аҳамияти ортиб бораётган бугунги глобаллашув жараёнида дунё цивилизациясига асос бўлган моддий ва маънавий ёдгорликларни кенг оммага тарғиб қилиш, уларни инновацион ахборот технологиялари асосида намойиш этиш ҳамда музейлаштириш анъаналари, янгиликларга доир долзарб масалалар қамраб олишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 28 сентябрдаги “2022 – 2026 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг туризм салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасидан натижали фойдаланиш, маҳаллий ва чет эл сайёҳлари учун ҳудуднинг ҳамда туризм, маданий мерос, маданият ва санъат соҳаларининг салоҳиятини янада ошириш, миллий ҳунармандчилик буюмларини кўпайтириш назарда тутилган.
“Қорақалпоқ этно овули” деб номланган лойиҳа доирасида аждодларимиз яшаган овул мисолида XVIII-XIX асрларда қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ўтов – қора уй тикланиб, барча нарсалари билан безатилди. Унинг ичида Қорақалпоқ халқининг турмуш тарзига оид буюмлар қўйилди.
Қорақалпоқ ўтови ўзининг қурилиши, кўриниши ва безалиши билан халқнинг узоқ асрлик меросидан далолат беради. Ўтовнинг безалишида йигирмадан зиёд буюм ишлатилган. Буларнинг барчаси шу даврнинг ўзида ҳунармандчиликнинг ривожланганлигидан ва хотин-қизларнинг чеварлигидан далолат беради.
Ўтовнинг тиклаш жараёни, ишлатиладиган ашёлар материаллари намойиш этилади. Натижада музей қошида Бердақ давридаги халқимизнинг энг бебаҳо мулки бўлган иккита оқ ўтов тўлиқ қад кўтарди. Сўнг у ерда XIX асрда яшаган Бердақ даврининг кийим намуналарини, уй-рўзғор буюмларининг кўргазмасини ташкил этиш билан бирга ўша пайтнинг дастурига мувофиқ миллий таомлар тайёрланиб, ташриф буюрган маҳаллий ва чет эллик меҳмонларга тақдим этилади.
Бердақ фонди 1998 йили ташкил топган. Қорақалпоғистон Республикасида миллий маданий, тарихий меросларни ўрганиш ва қайта тиклаш, ўтмишда яшаб ўтган улуғ шоир ва олимларнинг меросларини ўрганувчи ёшларга ёрдам бериш, Бердақ даврига тегишли тарихий меросларни ёшларнинг ўрганишига фаол иштирок этиши учун қулай шароитлар яратиш орқали маданий, илмий, адабий йўналишдаги режаларни амалга оширмоқда.
Фонд томонидан бахшилар, Бердақ асарлари қаҳрамонлари асосида рассомлар танловлари ўтказилди. 2017 йили буюк шоир Бердақнинг 190 йиллиги муносабати билан “Бердақ давридаги таълим масканлари ва ер номлари” мавзусида экспедиция ташкил этилди. Экспедиция давомида ер номларининг келиб чиқиш тарихи ҳақида манбалар йиғилди. Фонд томонидан иқтидорли ёшлар қўллаб-қувватланиб, машҳур шоир-ёзувчилар билан учрашувлар ўтказилади.
Бердақ фонди Қорақалпоқ халқининг миллий меросини, маънавий-маърифий бойликларини кўп асрлардан бери бизгача етиб келган тарихий ёдгорликларини кенг оммага, айниқса, ёшлар онгига сингдириш ва инсонийлик қадриятларини сақлашни мақсад қилган. Мазкур лойиҳа аҳолининг кўп асрлик тарихини этно овул мисолида ёш авлодга етказиш, ҳунармандчиликни, таълим-тарбиянинг, унутилиб бораётган миллий анъаналарнинг аҳамиятини янада теран тушунтириш, уларда миллий меросимизга бўлган муҳаббатини уйғотишга қаратилган тадбирларни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир иштирокчилари музейи қошида ташкил этилган “Қорақалпоқ этно овули”, Бердақ даврининг кийим намуналарини, уй-рўзғор буюмлари кўргазмаси билан танишди. Меҳмонларга Қорақалпоқ миллий таомлари, азалий қадриятлар бўлмиш она алласи, бешик маросими, бет очар каби миллий анъана ва урф-одатлар намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат+видео),
ЎзА.