Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев раҳбарлигида инвестицион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва янги лойиҳаларни ишга туширишда учраётган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда инвестицион лойиҳаларни ишга тушириш, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган ва экспортёр корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Президентимизнинг раҳбарлигида юртимизда тадбиркорликни янада ривожлантириш, улар учун барча қулай шароитларни яратиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Тахиатош, Хўжайли, Амударё ва Нукус туманларидаги тадбиркорлар иштирок этган учрашувда уларнинг фаолиятида учраётган муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Ҳар қандай инвестицион, ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантириш борасидаги лойиҳалар қўллаб-қувватланиши алоҳида таъкидлади.
Учрашувда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди ва билдирилган мурожаатларнинг кўпчилигига жойида ечим топиш чоралари кўрилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олиниб, уларга ижобий ечим топиш бўйича тегишли соҳа мутасаддиларига топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири