Жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларга бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий жараёнлар ҳақида ёшларга кенг тушунчалар бериш юзасидан жойларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида “Сайлов қонунчилиги ва амалиёти” мавзусида учрашув ўтказилди.
Унда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети кафедра мудири А.Жуманов ва бошқалар сўзга чиқиб, сайловда иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг Конституциявий ҳуқуқий бурчи эканлиги, сайлов жараёнларида сиёсий партияларнинг иштироки ҳақида тушунчалар берилди.
Талаба ёшларга сайлов ҳуқуқи, овоз бериш тартиби, айни кунларда олиб борилаётган сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳақида атрофлича маълумот берилиб, сайловлар очиқлик ва ошкоралик тамойилларига асосланган ҳолда олиб борилиши таъкидланди.
Сайлов ёшларнинг ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши ва давлат бошқарувида иштирок этиши учун қулай имконият эканлиги қайд этилди. Сўз олганлар барчани ватанимиз келажаги, халқимизнинг эртанги тақдири учун сайловда фаол иштирок этишга чақирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.