Перу собиқ президенти Алехандро Толедо Бразилиянинг “Odebrecht” қурилиш компаниясидан пора олганликда айбланиб, 20 йилу олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар бермоқда.
Стенфорд университетида докторлик даражасини олган 78 ёшли собиқ давлат раҳбари Толедо 2001-2006 йилларда Перу давлатини бошқарган.
Судя Инес Рохас томонидан ўқилган ҳукм матнида айтилишича, Толедо аввалроқ “Odebrecht” номи билан машҳур бўлган компаниядан Перу жанубий қирғоқларини Бразилиянинг Амазония ҳудуди билан боғлайдиган йўл қуриш бўйича шартномани ютиб олиш эвазига 35 миллион доллар пора олган.
Рохаснинг тушунтиришича, Толедо “давлат молиясини бошқариш ва ресурслардан тўғри фойдаланишни назорат қилиш учун масъул” эди. Бунинг ўрнига, у “давлатни алдаган” деди.
Ҳозирда “Novonor” номи билан танилган “Odebrecht” 2016 йилда жамоат ишлари бўйича шартномаларни таъминлаш учун ўнлаб мамлакатлардаги амалдорларга пора берганини тан олганидан сўнг, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.
Суд жараёнида Толедо пул ювиш ва тил бириктириш айбловларини рад этди. Ҳукм Толедо ўтган йилдан бери ушлаб турилган Лима қамоқхонасида эълон қилинди. Мамлакатнинг яна бир собиқ президенти Педро Кастилло ҳам 2022 йилда Конгрессни тарқатиб юборишга уринганидан сўнг “исён” даъволари билан ўша ерда сақланмоқда.
2023 йилнинг 24 апрелида АҚШ коррупцияда айбланган Алехандро Толедони экстрадиция қилишга қарор қилган эди.
Ў.Алимов, ЎзА